Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 34
Жавоб бўлмагач, елка қисди, ажабланди. Кейин ошхона ортидан нариги ҳовлига ўтди. У тараф ҳам бўмбўшдай. Заҳриддин акаси билан Парварда янгаси ишда бўлиши мумкиндир. Болалар мактабдан қайтмаган… Бемавруд келдимикан?
Роҳила нима қиларини билмай яна ота ҳовлисига қайтдию каравот устидаги ўз тугунини ошхонага олиб борди, уни шу ҳолича жуда эскирган, аммо ҳануз тириллаб ишлаб турган “Помир” совутгичига қўйди. Совутгичда сутдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бу ҳолдан унинг кўнгли бузилди: “Қандай замон бўлди, а? Шундай катта хонадон ҳувиллаб, файзсиз бўлиб ётибди. Холодилникда аҳвол бундай… Қанийди қўлимдан келсаю буни тўўлдириб қўйсам. Тез-тез тўлдириб турсам… Савдо ишини бошласам… Олий маълумотли Фазлики савдони эплаёлмай, рўзғорни бу аҳволга ташлаб қўйган, мен нима каромат кўрсатардим…”
У ўчоқ ёнига ташлаб қўйилган этакни олиб, белига боғлаганча дарҳол ишга тушиб кетди. Бирпаснинг ўзида ошхонани тартибга келтирди, чала ювилган, у ер-бу ерларида доғлари қотиб қолган идишларни ижирған-ганча қайта ювди, топ-тоза қилиб артди. Кейин катта супиргини олиб, супа супиришга киришди. Шу чоғ:
– Ҳа, нима қилопсан, қизим? – деган ҳарссиллоқ овоз эшитилди. Роҳила ортига бурилиб, ярим қучоқ ўт кўтарган отасини кўргач, супургини четга қўйиб, бузрукворга интилди. Одил бобо терга ботган юзини қизига тутди.
– Ассалом, отажон! – Роҳила отасининг терчил ёноқларидан қайта-қайта ўпди. – Сизга шу зарилми, ота? Қариган чоғда оёғизни узатииб ётмайсизми?
– Молга ким қарайди? Шу инаг бор эканки, ризқ-насиба ўтиб турибди.
– Карамгул нима қилопти? – Роҳила танбеҳ эшитишдан ҳадиксираганча эгилиб, пастдаги ўтни кўтарди. – Буни нима қилай, ота, инакка берайми?
– Ҳа, охурига ташла, ерга тушмасин.
– Хўп. Келин кўринмаёпти, бирор ёққа кетганми?
– Ўт топиш қийин. Ўт қидириб, тутзорга кетувди.
Роҳила ўтни айвонга олиб бориб, тўсиқ ёғочни пастга туширди-да, қўлидагини охурга секин ташлади. Сигир унга талпиниб, ўтнинг бир қисмини тишлаб, ўзига тортди. Роҳила уй ҳайвонларидан қўрқмас, уларга айрича меҳр билан қарар эди. Катта оиланинг тўнғич қизи бўлгани боис ҳам эсини таниганидан буён рўзғор ишларини у унақа, бу бунақа, униси оқ, буниси қора деб ўтирмас, мол ҳам боқар, сигир ҳам соғар, молларга ем – “торт” ҳам тайёрлаб бераверарди. Лекин туман марказида эри билан яшай бошлаганидан кейин бу ишлардан мосуво бўлди. Торгина ҳовлида мол боқишнинг иложи йўқ, сут-қатиқни ҳам сотиб олишади. Қайнатасиникига ёки ўз ҳовлисига йўли тушганда қараб ўтирмасдан ҳар қанақа ишларни бажариб кетаверади. Ҳозир ҳам сигирнинг ўтни тортқилашидан оғринмади, Карамгул каби қарғанмади, балки, қўли бўшагач, сигирнинг сағрисини бир неча бор сийпалаб қўйди-да, ортига қайтди.
– Рауф, бачаларинг яхшими, қизим? – ҳол сўради отаси ҳовлидаги чорпояга ўтирганларидан сўнг.
– Сизга