Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 32
Apple’нинг дунёга келиши
Янги компанияга ном керак эди. Жобс бир вақтлар олма узган “Ягона ферма”га борганди, Возняк уни аэропортда кутиб олди. Лос-Альтосга қайтаётиб, дўстлар ном ўйлаб топа бошлашди. Matrix каби стандарт техник номларни бирма-бир хаёлдан ўтказишди, Executek сингари бир-иккита неологизмни кашф қилишди ва рўйхатни Personal Computers Inc. каби сийқаси чиққан номлар билан тўлдиришди. Эрталабгача узил-кесил вариантни танлаш керак эди: Жобс ҳужжатларни расмийлаштиришни бошламоқчи эди. Ниҳоят Жобс Apple Computer’ни таклиф қилди. “Мен олма парҳезида эдим, – деб тушунтирди у. – Ва яқиндагина фермадан қайтгандим. Бу қизиқ, жўшқин ном эди ва қўрқинчли эмасди. Аpple сўзи “компьютер” деган жиддий сўзни юмшатарди. Бунинг устига телефон маълумотномасида биз Atari’дан олдинда турардик”. Стив Возга агар эртагача бундан яхшироқ ном хаёлга келмаса, компания Apple деб номланади деб айтди. Шундай бўлиб чиқди.
Apple. Ақл бовар қилмайдиган ечим. Бу сўз ўзида оддийликни мужассам этарди ва ўзига оғдириб оларди. Оригинал ном эди, одамлар учун пирог бўлаги каби таниш эди. Бу номда контрмаданиятнинг қайсидир жиҳати бор эди, табиатга қайтишни англатарди; бунинг устига, бу ном Америка компанияси учун жуда мос келарди. Apple ва Computer сўзлари бир-бирига умуман ҳамоҳанг эмасдек туюларди ва бу шуниси билан қизиқ эди. “Бу сўз бирикмасининг маъноси йўқ эди. Лекин ўйлашга мажбур қиларди, – дейди янги компаниянинг тез орада биринчи директори бўлган Майк Марккула. – Олмалар ва компьютерлар: улар орасида қандай ўхшашлик бор? Лекин ҳамма бу номни эслаб қолди ва бизни таний бошлашди”.
Возняк янги компанияга тўлиқ ишга ўтишни дарров хоҳлагани йўқ. Дилида у HP муҳандиси эди ва ишдан бўшашга тайёр эмасди. Жобс Вознякни HP’ни ташлашга кўндириш учун ёрдамчи кераклигини тушунди. Шунинг учун у ўзининг дўсти – Atari муҳандиси Рон Уэйнни таклиф қилди. У бир пайтлар ўйин автоматларини ишлаб чиқарадиган ўзининг компаниясига асос солиб касод бўлганди.
Уэйн Вознякни HP’дан кетишга кўндириш осон бўлмаслигини биларди; қолаверса, у зудлик билан у ердан кетишига ҳожат ҳам йўқ эди. Асосийси – Возни унинг компьютерларга оид барча лойиҳалари Apple’га тегишли бўлиши кераклигига ишонтириш эди. “Воз ўзи ўйлаб топган схемаларига ҳадик билан қарарди ва улардан бошқа мақсадлар учун фойдаланишни ёки HP’га беришни хоҳларди, – деб эслайди