АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид страница 15

Жанр:
Серия:
Издательство:
АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид

Скачать книгу

гулфом майни қай кунким симирдим,

      Қоронғу кечаларда сўз кемирдим.

      Бунинг оти тириклик ҳам ҳаётдир,

      Туганмас заҳмату сабру саботдир.

      Адо қилдим кўзида ёшларини,

      Оқартирдим онамнинг сочларини.

      Дилида кимниким бир дарди бордир,

      Туғишгандир менга, у менга ёрдир.

      Ажинлардан кимингким хатлари бор,

      Менинг қалбимда ҳам дастхатлари бор.

      Ким ўтган Яссавий бобомдан олдин?

      Зиёю завқни шу бобомдан олдим.

      Ўзим тупроқману пирим – самовий,

      Менинг дорилфунунимдир Навоий.

      Бу уммон узра мен бир мисли хасман,

      Ҳавасман, бор-йўғи мавжи ҳавасман.

      Менинг шоирлигим – рўйи жаҳондир,

      Ҳироту Кўнё ҳам Андижондир.

      Тамоми Термизийлардан таним бор,

      Насафлардан нафаслар олганим бор.

      Улуғвор Оқсаройлар узра ойим,

      Бу янглиғ фахр бермишдир Худойим.

      Мени зор андалиб қилди бу соҳир,

      Ўзи шоҳу жаҳонда лек мусофир –

      Муҳаммад Бобурим чеккан аламдир,

      Менинг оламда саргардон боламдир.

      Буюк Бобораҳим Машраб тупуги,

      Ўлардим бахтли – тегса бир кўпиги.

      Муҳаббат сингари мангу, давомий,

      Бу осмонлар, тикилсам – бунча мовий…

      Улуғлар хокини кўзларга суртдим,

      Ватандай муҳташам сўзларга суртдим.

      Буларсиз ҳеч менинг шеърим, тугалмас,

      Булар бордир – менинг шеърим туганмас.

      Унинг қўрғони – юз минг жон ва тандин,

      Ватандин бошланиб битгай Ватандин.

      Қаросочу қарокўзу қаламқош,

      Тили минг ёшдаю лекин дили ёш.

      Баҳорий ҳандалакдан бир тилимдай,

      Унинг ҳар шеваси – бир севгилимдай.

      Булар бари қароғим, кўзларимдир,

      Менинг офтобда ўсган сўзларимдир.

      Неча бир мустабид давру замонлар

      Қаёндин келдию кетди қаёнлар?

      Жаҳонга ўз сўзимни айтдим охир,

      Яна мен ўзлигимга қайтдим охир.

      Дилим ҳар бир дарахт, боғ бирла ўсди,

      Шу эл бирлан, шу тупроқ бирла ўсди.

      Менинг хоксор элим, офтобпарастим,

      Жаҳонда бор экан-ку қадду бастим.

      Жаҳолат бирла кўп носозлигимдир,

      Менинг шоирлигим – озодлигимдир.

      Она юртим, менинг жону жаҳоним,

      Ўзингдирсан, ўзингсан, онажоним.

2006

      ШЕЪР ВА КУРАШ

Устоз Абдулла Орипов ва полвон Абдулла Тангриевга

      Шеър аро полвон бўлиш осон эмас,

      Шеър фақат гул атри ё райҳон эмас.

      Шеър – серташвиш умрдир, серазоб,

      Шеър – заминдир ҳам, фақат осмон эмас.

      Мир Алишернинг буюк беш панжаси

      Бор ҳақиқатдир, фақат достон эмас.

      Шоиру шеър – якка, сўз майдонида

      Шер билан шер олишур, инсон эмас.

      Чин кураш майдонидир асли ҳаёт,

      Бўлмаса полвонлари – майдон эмас.

      Бунда ҳам ранжу алам чекмоқ

Скачать книгу