номига муносиб, асл шер экан” деган овоза Фарғона водийсининг шаҳар-қишлоқлари, дашту далалари бўйлаб таралади. Ёв мамлакат ҳудудидан қувиб чиқарилгач, энди Қўқондаги хон ўрдасида Шералининг шоҳона ҳаёти бошланди. Аммо юртга душман бостириб кирганда шердек мард, қўрқмас Шерали, тинч шароитда мамлакатни идора қилишга лаёқатсиз бўлиб чиқди. Зеро, бутун онгли ҳаёти, ёшлигини мусаффо тоғ яйловларида, содда, мард, муғамбирлик нималигини билмайдиган одамлар орасида ўтказган Шералихон пойтахтдаги фитна-ғавғолар, турли алдов, макр-ҳийлалар билан тўла ҳаётни тушунмасди. Дала-даштлар, жанг майдонида ўзини эркин сезган бу одам сарой ҳушомадгўйларининг ҳамду санолари, хон сифатида шахсига тегишли ҳуқуқ ва афзалликлардан ўзини йўқотди. Бунинг устига ўрданинг иш кўрган, ғаразгўй, туллак мулозимлари орасида содда хонни айшу ишратга, ичкилик базмларига ундовчилар кўп эди. Бундай нафс бандалари хонга ёқиш учун ҳарамни янги-янги, бири-биридан соҳибжамол канизаклар билан тўлдиришга тушдилар. Бетиним айшу ишрат асл тоғ йигитини тезда бузди. Янги хон теварагида теран фикрли, доно ва жасур кишилардан кўра хонга ёқиш йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган ғаламислар кўпая бошлади. Шералихоннинг яна бир заиф жойи унинг ўта кўнгилчанлиги эди. Янги хон жиноятчи ва сотқинларни қаттиқ жазолаш керак бўлса-да, ўлимга ҳукм этиб юбораверишга ботинмасди. Масалан, асл раҳмдил бу одам Қўқон–Бухоро урушида Амир Насруллога сотилиб, юртга хиёнат қилган Машариф оталиқ ва Абдулла Али қўлга тушганда, уларни зиндонга солиш билан кифояланади. Ҳолбуки, асли Шералини хон қилган Юсуф мингбоши “Сотқинлар қатл этилиши даркор, чунки бу қолганларга сабоқ. Иккинчидан бу хиёнаткорлар эртага зиндондан қочиб, янги фитна, уруш бошламаслигига яна ким кафолат беради?!” дея қаттиқ турса-да, хон бу маслаҳатга кирмади. Кўп ўтмай Олимхоннинг тирик қолган ўғли Оталиқхон исён кўтаради. Шералихон бу тахтталаб шаҳзоданинг исёнини бостириб, ўзини асир олади-ю, бироқ амакиваччасини ўлдирмайди. Ҳолбуки, ўша давр муҳитида қаттиққўл бўлмаган подшо аъёнлар назарида бўш-баёв ҳисобланарди. Бундай хонни беку бийлар чин дилдан ҳурмат қилишмас эдилар. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Орадан бир йил ҳам ўтмай Қўқон корчалонлари суҳбатларида беклар орасида “хон бўш экан,” “шер эмас, атала-ку бу!” “Шер-али – шавла,” “Шерали пўстак” каби ҳақоратомуз беписанд иборалар ишлатила бошланди.
Куни кеча ўнлаб амалдору уламоларни қатл этиб юборган шафқатсиз, телба-тезик Мадалихон устидан амир Насруллога шикоят қилиб борган кишилар бугун юмшоқ табиатли хонни ёқтирмай қолишди. Лекин бу ёқтирмасликнинг сиёсий сабаблари ҳам мавжуд эди. Чунки тахтда юмшоқкўнгил, иродаси бўш одам ўтирса, мамлакатда парокандалик, ўзбошимчалик авж олиши, мулк талашиб бир бутун юртни парчалашга уринадиган кишиларнинг пайдо бўлишини тарих неча бор кўрсатган. Мамлакатни парчалашга тайёр бекларга сероб Қўқон эса ҳақиқатан ҳам қаттиққўл, тадбиркор, сиёсатчи ҳукмдорга муҳтож эди. Шералихон ўрдаси атрофида исён ва фитна биқсий бошлади.