Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 27
Тўгаракларда ишлаётганлар ўзларини энг аввало тарбиячи деб ҳисоблашлари шарт. Уларнинг моҳир рассом, наққош, боксчи ёки футболчи эканликлари иккинчи даражали масала. Афсуски, бизда бундай талаб қўйилмаган. Тўгарак раҳбарларидан: “Тўгарагингизда нечта бола бор, нечтаси мусобақада ғолиб келди?” – деган ҳисобот сўралади. “Тарбияга доир нима иш қилдинг?” – деб сўралмайди. Тўгарак раҳбари: “Мактабда қандай ўқияпсан, машғулотдан чиқиб тўғри уйга кетяпсанми ёки бирор овлоқдаги болаларга қўшилиб бевошлик қиляпсанми?” – деб қизиқмайди. Айни чоқда ота ёки оналарнинг аксари: “Болам кимдан нимани ўргангани қаерга боряпти, машғулотларни канда қилмай қатнашяптими ёки тўгарак баҳонасида уйдан чиқиб санқиб юрибдими?” – деб суриштиришмайди. Бола мактабдаги ўқишдан қолса, ота-онасига дарров хабар боришини билади ва интизомга бўйинсунишга мажбур бўлади. Тўгаракда интизом йўқлигини ҳам билади ва бундан усталик билан фойдаланади.
Тўгарак раҳбари бола қалбини кашф эта олиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Унда мактаб ўқитувчисида бўлмаган имконият ва имтиёз мавжуд. Бола у ёки бу фанни ёқтирмаса ҳам шу дарсда ўтиришга мажбур. Лекин тўгаракка ўзи келган, демак айни шу хоҳишни ўлдиришдан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Пойтахт атрофидаги тўгараклардан айримларини ўрганганимда тўгарак раҳбарларидан 55–60 фоизигина ўргатаётган мутахассислиги бўйича олий маълумотли эканлиги аниқланди. Буларнинг ҳам ярмидан кўпи педагогика фанидан бебаҳра. Тўгарак раҳбарлари орасида ўрта маълумотлилар ҳам анчагина. Энг ачинарлиси, бу тўгарак раҳбарларининг ярмидан сал кўпроғигина ўз соҳасида муқим ишлайди. Бир йил, ҳатто ярим йил ишлаб кетувчилар ҳам бор. Ана энди болаларнинг қизиқишини ошириш қандай аҳволда эканини тасаввур этаверинг.
Бу соҳадаги жиддий камчиликлардан бири – мактаб билан тўгараклар орасида алоқа, боғлиқлик йўқ. Тўгарак раҳбари мактабга келмайди, ўқитувчи тўгарак билан қизиқмайди. Талаб қилинган маълумотномаларни тўлдириш учун синф раҳбари ўқувчиларнинг қандай тўгаракларга қатнашиши билан номигагина қизиқади.
Болалар билан иш олиб боришга мутлақо яроқсиз одамлар ҳам учрайди. Ҳадеб бошқа соҳаларни танқид қилавермай, мисолни ўзимиздан олсак, бир адабиёт тўгарагининг раҳбари, шоир биродаримиз машғулотдан кейин ўсмир йигитлар билан пивохўрликка бораркан. Бу одам билан бирга юрган болалардан шоир чиқадими ё йўқми, билмайман. Аммо майхўр чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бунга ўхшаган мисолларни