Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 48
– Иложи бўлмади, уятли одам эди, – деб ўзини оқламоқчи бўлди.
– Дўстга хиёнат қилиш уятли эмасми? Қани, жонларингни суғуриб олмасимдан жийда-халталарингни кўтариб жўнаб қолларинг-чи!
Бу пайт Рауф ака бизга яқинлашдилар.
– Рауф, бу ёғи қандоқ бўлди? – деди доирачи.
– Келганларинг учун раҳмат, энди бора қолинг, бу йигит яқинда армиядан келган, отиб ташлашдан ҳам тоймайди, – дедилар кулимсираб.
Аниқ эсимда, Рауф аканинг юзларида жилмайиш, кўзларида эса ғашлик нури бор эди.
Орадан кўп ўтмай, Рауф ака оилалари билан ажрашдилар. Қайсидир сафардан келсам, Дилоромга уйланибдилар. Кўчада учрашиб қолганимизда:
– Мана, янги хархаша, – деб таништирдилар-да, узрли оҳангда қўшиб қўйдилар: – Сизни атай тўйга айтмадим.
– Нега?
– Ашулачиларимни ҳайдаб юборишингиздан қўрқдим.
Бу ҳазилларидан иккаламиз яйраб кулдик.
Рауф аканинг тўйларини кўпам эсламайман. У киши билан бўлган суҳбатларимиз мен учун қадрлироқ. Ҳар бир суҳбатда бир ҳаёт фалсафасини ўрганар эдим, десам муболаға бўлмайди. Баъзилар Рауф акани майхўр эди, деб таърифлайди. Бу нотўғри. Рауф ака бўкиб ичмасдилар. Европаликларга ўхшаб қултум-қултум ичардилар. Шоирга май бир баҳона, аслида дилкаш суҳбат муҳимроқ эди. Мен Рауф Парфининг дастлабки китобидаги шеърлардан “Талваса” романида фойдаландим. Ҳатто ўзларининг образларини ҳам киритдим, романни ўқимаганлар учун бу баённи такрорлашга ижозат беринг:
Кишининг ғамсиз яшамоғига ҳамиша хотирот халал беради.
Ҳозир Бўрон – Келдиёрни ҳам тотли, ҳам заҳарли хотирот бағрига чорларди. Хотирот гўё унинг ўрмонзори, неки кечмиши бор – шу ўрмонзорида эди. Зангор япроқлар тинмай шивирлаб тинчлик бермасди. Улуғ артист бўлиш умидида катта шаҳарга келиб, имтиҳонга тайёрланиб юрган кезлари хиёбондаги ёзлик қаҳвахонада бир шоир билан тасодифан танишиб қолган эди. Ўшанда қаҳвахонадаги барча ўринлар банд, фақат энг четдаги стол атрофида битта стул бўш эди. Стол устига икки шиша пиво қўйилган, яна бир стулни банд қилган киши баъзи-баъзида пиводан ҳўплаб қўйиб, китоб ўқиб ўтирарди. Келдиёр аввалига “бу кишининг шериги бордир”, деб ўйлаб унга яқинлашишдан тортинди. Мўйлаби ўзига ярашган, кўзлари кулиб боқувчи у одам китобдан бош кўтариб қараганда ийманиб турган йигитчани кўриб, бўш стулга таклиф қилди. Келдиёр бундан мамнун бўлиб, китобларини стол четига қўйди-да, олиб келган егуликларини ўртага қўйиб, нотаниш одамни ҳам таклиф этди.
– Ўқишга кирмоқчимисиз, устоз? – деди у одам таклиф учун миннатдорчилик билдиргач.
Унинг “устоз” деб мурожаат қилиши Келдиёрга ғалати туюлди. Буни сезган нотаниш одам:
– Ўқийдиган одам келажакда устоз бўлади. Сизга шу мартабани тилайман, – деб Келдиёрнинг китобларидан бирини