Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 49
– Йўқ, артист бўлмасангиз керак.
– Нега?
– Кўринишингиз… Абдулла Қодирийнинг суратдаги ёшликларига ўхшайди. Кўринишингиз жуда кинобоп. Артист бўлганингизда кино ёки театрда рол ўйнаган бўлардингиз. Мен кўп ёш артистларни биламан.
– Мен шоирликни ҳавас қиламан. Мендан артист чиқмаслиги аниқ. Машҳур шоир ҳам бўлолмасам керак.
– Нега? – деб ажабланди Келдиёр.
– Мен ёлғонни ёмон кўраман. Рост шеър эса… – у шундай деб нима учундир ҳазин жилмайди, – кимларгадир ёқмайди.
У шишани кўтариб икки қултум пиводан ичди. Атрофни ўраб турган дарахтларга тикилиб жим қолди, сўнг худди ўзига-ўзи гапираётгандай шеър ўқий бошлади:
Айтгил, куйларманми, бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига.
У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни айтардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.
Шеърни ўқиб бўлгач, ҳасрат тўла юраги тафтини босиш учунми яна икки қултум ичиб, сўнг гугурт тепасидаги яримта сигаретни олиб тутатди. Келдиёр таомдан қўлини тортиб, шеърнинг давомини кутди. Лекин у шеър ўқимай, йигитга кулимсираб қаради. Бу кулимсираш фақат зоҳирда, ботинни эса дард чўғлари куйдираётганини сезиш қийин эмасди.
– Бугун дили пок бир инсон билан учрашиб, гаплашишни жуда-жуда хоҳлаган эдим. Худо менга сизни етказди шекилли, устоз? Ҳали танишмай туриб сизни “дили пок инсон” деганимга ажабланяпсизми? Одамнинг дили поклигини билиш учун узоқ вақт таниш бўлиб юриш шарт эмас. Қишлоқдан келганингиз билиниб турибди. Ҳаётни асосан китоблар орқали биласиз. Турмушнинг балчиқларига ҳали тушиб чиққанингиз йўқ. Сезаётгандирсиз, бугун кайфиятим йўқ. Дилим хира. Кеча бир шоирни ўлдирдилар. Кимлигини, қаерда яшаганини сўраманг. Ҳақиқий шоирнинг макони бўлмайди. “Айтсам ҳам ўлдирадилар, айтмасам ҳам ўлдирадилар, айтиб ўлганим яхшироқ”, деб яшаган шоирнинг қисмати нима бўлиши мумкин?..
Унинг бармоқлари орасидаги сигарет куйиб адо бўлди. Бармоқлари орасидаги қолдиқни четга улоқтирмай авайлабгина гугурт устига қўйди. Келдиёр унинг чеккиси келаётганини сезиб ўрнидан турди.
– Қаёққа? – деб ажабланди у.
– Сигарет олиб келай…
– Чекасизми? – шундай деб стул суянчиғига осиғлиқ сумкачасидан сигарет қутисини чиқариб, унга узатди.
Келдиёр чекмас эди. Нима қилишни билмай хижолат бўлди.
– Майли, кейинроқ чекарман, – деди айбдор одамнинг оҳангида.
У қутидан битта сигарет олиб, гугурт устига қўйди-да, “қоғозга тушмаган марсияни эшитасизми?” – деб сўради. Келдиёр унинг суҳбатига маҳлиё бўлиб қолган эди. Гапларини жон қулоғи билан эшитишини билдириб, бош ирғади. У яна кўзларини дарахт баргларига тикиб ҳазин овозда гапира бошлади. Ҳа, Келдиёрнинг назарида у шеър ўқимас, айнан гапирар эди. Сўзлар