Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 82
Совет Иттифоқидаги барча мактаблардан тортиб, катта-кичик ташкилотларнинг идораларида ҳам Ленин хоналари мавжуд эди. Бу хона коммунизм ғоясини тарғиб қилувчи асосий маскан ҳисобланарди. Айрим беҳафсала раҳбарлар битта хона ажратиб, тўрт-беш плакат осиб қўйиш билан чекланарди, баъзилари астойдил безаб қўярди, турли тадбирлар ўтказарди. Узоқ йиллар аввал ҳатто чойхоналар ҳам “Қизил чойхона” аталиб, ғоявий-сиёсий тарғибот масканига айлантирилган эди. Баъзи нодон раҳбарлар чойхоналарнинг “қизил” эканини эслаб қолса, ошхўрликларни тақиқлаб қўйишарди ҳам.
Ижодий сафарлар чоғида танишганим Ленин хоналарини кўз олдимга келтириб, капитаннинг буйруғини бажаришга киришдим. Эрталаб фикр-ларимни баён қилган эдим, унга ёқиб тушди. Ўша заҳоти рота командири майор Комлев хонасига бошлади. Комлев серғайрат одам эди. Аскарларга қўполлик қилмасди. Қўполлик, сўкишни рота старшинаси Смирнов қиёмига етказарди. Етти синф маълумоти бўлган бу йигит мендан бир ёш кичик, командир ва замполит ҳузурида лайчадек думини қисиб турарди. Улар йўғида эса ўзини шердек ҳис қиларди.
Комлев Гайдаржининг гапини диққат билан тинглаб, рассомлик қилиб юрувчи сержант Козловни чақиртирди-да, мендан: “Ленин хонасини қайта жиҳозлаш учун нималар керак?” – деб сўради. Мўлжалимдаги вазифаларни айтдим.
– Шу ишларни қила оласанми? – деб Козловдан сўради.
– Бу жуда қийин, – деб чайналди Козлов.
– Мен сендан осонми ё қийинми, деб сўрамадим. Қила оласанми?
– Бир ўзим эплашим қийин, ёрдамчи керак.
– Ана, ёрдамчи ёнингда турибди.
Радиотехникага доир масалаларни ҳал қилишни, хусусан, Лениннинг овози ёзилган пластинкани топишни Гайдаржи зиммасига олди. Режада кутубхонани ҳам қайта жиҳозлаш кўзда тутилганди. Жиҳозлаш фақат бўяш, оқлашдан иборат эмас, балки янги китоблар билан тўлдириш ҳам лозим эди ва бу анча маблағ талаб этарди. Ленин ҳаётига доир фотосуратлардан кўчирма олиш, Волгоградга бориб матонат монументини суратга тушириб келиш ҳам зарур эди. Ўша куниёқ Гайдаржи фотожиҳозларимни авиапочта орқали тезлик билан юборишларини илтимос қилиб уйимга телеграмма жўнатди. Моддий таъминот масаласидаги таклифим ҳам маъқулланди. Унга кўра, мен аскар йигитларни суратга олиб, пулини шу ишларга сарфлашим керак эди. Ўша куниёқ мени ўқишдан, сафда юришдан озод қилишди-да, “рота кутубхоначиси, почтачиси, Ленин хонасининг мутасаддиси” этиб тайинлашди. Фотожиҳозларим етиб келмай туриб, ишга киришдик. Николай Козлов Донецкнинг Дебальцево шаҳридан экан. Педагогика институтининг учинчи босқичигача амаллабди-ю, бу ёғига эплай олмай, ҳайдалиб, ўзини бу ерда кўрибди. У моҳир рассом эди. Ўқиганлиги туфайли бошқа ҳамюртларига қараганда анча маданиятли эди. Сўкинмасди, бақирмасди. Бўяш, оқлаш қўлимдан келгани туфайли икки катта хонани тўрт кунга қолмай таъмирдан