Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов страница 7
– Катта акам зилзила бўйича профессорлар. Тошкентдаги зилзила пайтида илмий ишларига қарашганман. Бу соҳада кўп китоб ўқиганман. Ҳозир Андижон ва Ашхобод зилзиласи ҳақида роман ёзяпман.
– Гапингиз ростми?
– Ярми рост.
– Ёлғони қайси?
– Ашхобод зилзиласи ҳақида роман ёзаётганим ёлғон. Бу романни сиз ёзасиз. Ҳозир қорнимни тўйдирсангиз, ўша тарих ҳақида зўр маълумотларни айтиб кетаман. Қўрқмай чиқаверинглар, қўрқсангиз, ёлғиз ўзингиз чиқинг-да, Ашхободдаги олимларга телефон қилинг. Фақат аввал гаров ўйнаймиз, гапим тасдиқланса, битта туя берасиз.
– Мени туя билан қўрқита олмайсиз, Марида юз элликта туям бор. Гаровда ютқизсангиз, нима қиласиз?
– Марида сизнинг туяларингиз бўлса, Чоржўйда менинг сахий ёзувчи акам бор. Битта эмас, юзта туясини менга ҳадя қилиб юбориши мумкин…
Аввал ўзлари чиқдилар. Ашхободдаги ёзувчи дўстларига телефон қилиб “Ҳамма тинч-омон, кечаси уйимизда ухладик”, деган гапни эшитгач, аҳли аёллари, фарзандларини чақирдилар. Тўрт қаватли уйнинг панасида кичкина боғ қилган эканлар. Оқшомда қозон осиб, ўзим палов дамладим. Қайноналари, укалари келишди.
– Қўшниларим сизга юқори унвон беришибди, – дедилар Ўктем оға. Кейин кулиб давом этдилар: – Кечаси ташқарига чиқмай уйда қолганингиз учун сиз “Чоржўй қаҳрамони” унвонига сазовор бўлибсиз.
– Афсус, олимлар зилзилани олдиндан айтиб беришмайди-да. Кейинги зилзила қачон юз беришини билганимда Ашхободга бориб ётиб, бира тўла “Туркманистон қаҳрамони” бўлардим…
Тошкент зилзиласида Ядро институти портлади, деб ваҳима қилишган эди. Газли зилзиласи тарихини кейинроқ билдим. Пармаловчилар кон тубига етганларида бехос ёнғин бошланибди. Ёнғинни ўчириш учун турли тадбирларни қўллашибди, фойда бермабди. Охири, қарийб икки чақирим чуқурликда “кучли бомба портлатилса, газ йўлининг “оғзи” беркилади”, деган қарорга келишибди. Қиялатиб лаҳим ковлаб, ўша чуқурликда атом бомбасини портлатишган экан. Ўша йиллари СССР билан АҚШнинг ядро синовларини тўхтатиш ҳақидаги битимлари бор эди. АҚШдаги асбоблар ер силкинганлигини, унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаб, СССРга норозилик билдирганлар (Авваллари ядро синовлари ўтқазиладиган жойни аниқлаш учун жосуслар юборишарди. Фан шу даражада тараққий этдики, Майлисойга ўрнатилган асбоблар Невадо штатидаги кичик портлашни ҳам аниқлаб беради. Бу ҳақда “Мурдалар гапирмайдилар” қиссасида ёзган эдим). Битимга хилоф иш қилинмаганини исбот этиш учун АҚШ мутахассисларини Газлига олиб келганлар. Бу воқеа Совет даврида махфий саналарди, энди махфийлиги қолмагандир.
Тошкент зилзиласига қайтсак, Худога шукр, Ашхободдаги каби вайроналик бўлмади. Биронта ҳам уй қуламади. Одамни босиб қолмади. Ваҳима тўфони Москвага ҳам етиб борган шекилли давлатнинг икки раҳбари Леонид Брежнев ва Алексей Косигин Тошкентга учиб келишди. Ўша кунлариёқ Тошкентга ёрдам бериш ҳақида ҳукумат