Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов страница 8

Жанр:
Серия:
Издательство:
Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

чўлларга чиқариб, унумдор ерларга рус деҳқонларини кўчириб келиб жойлаштириш сиёсатини бошладилар. Ўктабрь тўнтариши бу ишни бир оз тўхтатди. Большевиклар мазкур ғоядан воз кечмаган ҳолда, ўзгача йўл тутмоқчи бўлдилар. Яъни, оқ подшоҳ ўз ғоясини зўрлик йўли билан амалга оширмоқчи бўлган эди. Большевиклар эса ҳийла, алдов йўлини танладилар. Компартия тарихида Лениннинг Мирзачўлни ўзлаштириш учун катта миқдорда пул ажратиш ҳақидаги декрети кўкларга кўтариб мақталади. Тўғри, шундай декрет қабул қилинган, лекин бир тишлам нонга зор Совет Россияси бу пулларни қайдан оларди? Мирзачўлни ўзлаштиришга бир тийин ҳам етиб келмаган. Аксинча, ўша йиллари Ўзбекистондан жуда катта бойлик ташиб кетилган. Бу қуруқ гап эмас, мана тарихий далил: ўша талотўп йиллари 59 миллион пуд пахта, 8,5 миллион пуд пахта мойи, 950 минг пуд пилла, 2 миллион 925 минг пуд жун, 229 минг пуд совун, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 70 минг от, 12 минг туя камлик қилиб, аҳолидан зўрлик билан 2 миллион 400 минг пул тортиб олиниб, Россияга олиб кетилганлиги архив китобларида зарб этилган, бу далиллардан кўз юмиб бўлмайди. Абдулла Авлоний “рус товаришларининг марҳамати”дан сўз очиб “думба бериб – чандир чайнаймиз, қаймоқ бериб – сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз”, деб ўкинч сўзларини бекорга ёзмагандирлар? Улуғ мутафаккирнинг узоқ йиллар давомида уйда махфий сақланган “Афғон саёҳати” кундалик дафтарларидаги бу сатрларни унутиш мумкинми?

      “(1919 йили) кеч соат 8 да келуб Ховос истансасида қолдук, йўлларда бўлсун, истансаларда бўлсун, яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора мусулмон хотун-қизлари, ёш-ёш болалар кўрилурди. Албатта, илмсиз ва тарбиясиз, аҳволи оламдан хабарсиз мусулмонларнинг ҳол-аҳволлари биргина Ўрта Осиё йўлларинда эмас, бутун Туркистоннинг ҳамма ўлкасида шўйла фано ва аянч ҳолда эканлиғин ҳеч ким инкор қилмайди. Бизим Туркистонда ҳар ерда ҳозирда иш бошинда ўлтурган рус товаришларимизнинг ўзлари иш бошиға ўлтуриб олиб, ўзлари ошалаб, биз – мусулмонларға ялатувларининг натижасидур. Мазкур аҳолилардан сўралганда, “Алҳамдулиллоҳ, бу йил бултургига қараганда ҳолларимиз яхши. Бу йил фақат яланғоч бўлсамиз ҳам, бир оз емаклиқға гадолик ва тиланчилик қилуб умр ўткарамиз. Агарда бултур келган бўлсангиз эди, бул йўлда “Оҳ, нон!..” деб жон бериб ётган мусулмонларни кўрар эдингиз”, дея бу ҳолларига ҳам шукр баён қиладилар”.

      Оқ подшоҳ истило қилган мамлакатларини “генерал-губернатор” аталмиш вакиллари орқали бошқарарди. Большевиклар эса мустамлака ерларини майда-майда бўлакларга ажратиб, “мустақил совет республикалари” ташкил этдилар-да, ҳукумат тепасига биттадан қўғирчоқ раҳбарни қўндириб қўйдилар. Ўзбекистонда компартия раҳбари ўзбек, иккинчи котиб албатта рус, вилоят, туманларда ҳам аҳвол шундай. Демакки, аслида ишни иккинчи котиблар юргизадилар. Мажлисларнинг “улуғ оғамиз” тилида олиб борилиши фикримиз далили. Мажлисларнинг рус тилида олиб борилиши замирида ҳам миллатга қарши кучли сиёсат ётарди. Диққат қилайлик: мажлислар рус тилида олиб борилса,

Скачать книгу