Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 14
‒ Ҳозир уйига кетаётганимиз танишингизни айтаман-да, Сафохон, сизнинг юмшоқтабиат, соддадиллигингиздан фойдаланиб, тағин Ипподром ‒ Отчопар бозорида савдо қилиб юрганингизни билиб уч мингини олсам опман-да, хайрли ишини тўғирлаб бермоқчиман-ку, бошқалар бундан кўпроқ пулини шилган бўларди деб ўйлаган, шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқмай ҳотиржам юрган, қачондир барибир битириб бераман-ку, деган хомхаёлда яшайверган-да, тўғрими? Қолаверса, мана бундай бўзчининг мокисидай уйига қатнайверишимиз етти ухлаб тушига кирмагандир, ҳарҳолда! ‒ деди, ўзларининг бу хонадонга қайта ташрифлари унга малоллик қилиб ич-ичидан ғижинса-да, лекин мазкур ҳолатини ошкор этмади.
‒ Қайдам, ‒ деди Сафохон, ўша танишига йўлиққан кунини эслаб хафаланиб, ўзидан ранжиб сўзида давом этди: ‒ Ўшанда ишини ўзгартирганини айтганида кўнглим бир нарсаларни сезувди-я! Хом сут эмган бандамиз-да, бу нарсага у қадар аҳамият бермабман, юқорига кўтарилдим деганига ишониб: “ Мен эса илмни бир чеккага йиғиштириб қўйганман, ҳозир Отчопар бозорида оёқ кийим сотяпман!” деб тўғри гапни айтибман. Гапдан-гап чиқиб мана бу масжидимизнинг ҳужжатлари тўғри бўлмаётганиниям дараклаб қўйибман-да! “Бир-иккита оғайнилар бор, шулар билан гаплашиб кўрай-чи, сизга жавобини албатта айтаман!”, деди, кейин телефон қилиб мени ишонтирди, пул кетса-кетсин, аммо масжиднинг Ҳужжатлари тўғриланса олам гулистон бўлади, қанчалаб намозхонларимиз, Абдурасул отага ўхшаган оқсоқолларимиз шунга кўз тикиб ўтиришибди, бир ҳаммалари хурсанд бўлишсин девдим-да! Қолаверса, умумишимиз-ку ахир!
‒ Сизнинг савдогарчилик қилаётганингизни билиб, ҳеч бир уялиб ўтирмай уч минг долларингизни олган-да! Бу иш масжид учун, савоб учун эканиям кўзига кўринмаган! ‒ юқорида таъкидлаган фикрига қўшимча қилди Абдурасул ота, ортидан эса ҳадеганда бир гапни қайтаравериб чайналиш яхши эмаслигини, “оғзи куйган одам”га ‒ Сафохонга айил ботиши мумкинлигини ўйлаб тасалли берди: ‒ Майли, бориб кўрайлик-чи, бир гап бўлар!
‒ Ўзи ҳозир вазирликда ишламаётган бўлса, сизни бошданоқ алдаб юрган экан-да! ‒ деди Тошмурод, унинг сўзларига на Сафохон ва на Абдурасул отадан жавоб бўлавермагач, кетаётган йўлига андармон бўлиб, диққат-эътиборини шу томон қаратиб, пича тек қоди. Серажин пешанаси тиришгандан-тиришиб, йўлдан адашмадикмикин дегандай тепасидаги кўзгучага қараб: ‒ Ҳозир ўнггамиди, Сафохон? Шламбага кеп қопмиз шекилли? Йўқ, кейинги кўчадан бурилармидик? ‒ деб сўради.
‒ Ҳали Шламбага бор. Ҳозир ўнгга бурилсак, Бешқўрғондан чиқамиз, шундайми Сафохон? ‒ орага қўшилди Абдурасул ота.
Ҳа, Бешқўрғон маҳалласида яшайди. Тўғри кетяпмиз, ‒ автомаркабнинг орқа ўриндиғида шундоқ ҳам қийналиб келаётган Сафохон, қорувли, баланд гавдасини тағин-да эгиб, қадди-басти букилиб эшик ойнасидан ташқарига аланг-жаланг боқди, ҳали адашмаганларига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб, олд тарафга юришликка чорлади: