Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 17
‒Ўзи ўтган сафар келганимиздаям ланж гап қилувди, бу Йўлтурди деганингиз. Ҳали яна бошқа бир баҳонани рўкач қилмаса эди, ‒ энсаси қотганидан юзи ғижимланган қоғоздай бужмайиб кетди Тошмуроднинг. ‒ Бунақа йўлда туғилганлардан ҳар балони кутиш мумкин!
‒ Ҳозир исмини яна унутдим. Йўлтурди депмидиз? ‒ истеҳзоли жилмайди Абдурасул ота, ортидан эса нонвойнинг юқорида айтган жумласи қулоғига чала-ярим киргани важидан унга қўшимча қилган бўлди: ‒ Бу Йўлтурдини тутиб бўлармикин ўзи? Сенам шунга ишора қилдинг шекилли Тошим? Йўлда туғилган дедингми?!
‒ Шунинг учун Йўлтурди қўйганлар-да яқинлари! Йўлда туғилган болалардан бўлиши керак бу номард! ‒ паст келмади Тошмурод, томоғи қичиб икки-уч бор қириб қўйди, кетидан қаёқдандир хирилдоқ йўтал келиб қолиб юзи қизариб нафаси ичига тушиб кетаёзди, шунда ҳам сўзларини бермади: ‒ Бунақалардан яхшилик чиқмайди демоқчиман! Ўзларининг манфаатлари йўлида сиз билан бизларга ўхшаганларни не бир кўйларга солишлари ҳеч гап эмас демоқчиман-да, Абдурасул ота!
Сафохон уларнинг гап-сўзларига жим туриб қулоқ солди. Аммо-лекин нонвойнинг сўнгги жумласи уни ўйлантириб, ўйлантиришдан ҳам бурун ҳақиқатдан анча йироқдек кўриниб, унга ўз муносабатини билдириб:
‒ Қани, сабр қилиб пича кутайлик-чи, бир гап бўлар! Ҳар қалай сиз айтганчалик эмасдир-ов! ‒ деб муҳмал жавоб қайтарди.
Абдурасул ота Сафохон эски танишининг ёнини ола бошлаганидан жаҳли чиқди. Ана шу жаҳли чиққанини ошкор этишга киришиб:
‒ Сиз бунақалардан яхшилик чиқади деб ўйламанг, Сафохон! Тошимнинг ҳозирги гапида жон борлиги шундоққина кўриниб турибди, мана мениям айтди дерсиз ‒ ўша танишингиз жуда бетайин бир кас бўлиб чиқишини ўзингиз ҳам кўрасиз! ‒ дея уни ишонтирмоққа уринди.
‒ Ўзиям исмини хў-ўп топиб қўйишган экан-да, Йўлтурди! Бунақаларни йўлдан урди дейдилар ‒ Йўлурди, тутқич бермас Йўлурди! ‒ деб Абдурасул отанинг ўзини қўллаб-қувватлаганидан севинди нонвой, шу дамда уни тағин қаттиқ йўтал тутди. Ана шу ҳолати бутун диққат-эътиборини ўзига жалб этиб, вужудини аллақандай ўзи ҳам идрок этиб улгурмагани қўрқув чулғаб олиб, йўталидан шикоятланишга ўтди: ‒ Тунов куни бир тандир нон ёпиб бўлгач, чанқаб туриб муздек компот ичувдим, яна эски йўтал кеп қолди-да!.. ‒ у ана шуларни маълум қиларкан, ўзининг ақл ишлатмай қилган хатти-ҳаракати, чанқоғини қондирмоққа урингани алал-оқибат анчагача йўқ бўлиб кетган йўталининг қайталанишига, натижада жисми-жонининг азобланишига олиб келганини таъкидларкан, ношудлигидан ўпкаланди.
Абдурасул ота унинг хир-хир йўталишига ичи ачишиб нигоҳ қадаркан, нонвойнинг калтафаҳмлигидан, ўзининг эҳтиётини қилишга сабри чидамаслигидан норозилангандай бошини уён-буён чайқатиб:
‒ Унаққима-да, Тошим! Ҳеч замонда терлаб туриб муздек компот ичадими?! Чой ичгин дейман-ку, сенга! Ҳечқурса яхна чой ичмайсанми, юрагинг куяётган