Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 16
Қариянинг сўзлари Сафохоннинг юрагига қаттиқ ботса-да, унга бир оғиз сўз демади, чор-ночор афсус чекиб “нима қилай энди?” дегандай тарзи елкасини қисиб икки қўлини юқорига кўтариб туширди, истаб-истамай дарвоза томон юрди. Унинг чап томонидаги чегаланган ғиштдан икки қатор қилиб ишланган кесакига маҳкам ёпишган кунгирали темир эшикка яқин ердаги қўнғироқ тугмасини босди.
Бир маҳал ичкаридан аёл кишининг “ким у?” деган йўғонроқ, палағда овози қулоққа чалинди. Хаёл ўтмай ўша аёл шапиллаб юриб келиб дарвозага яқин ерда тўхтагани ҳам эшитилди.
‒ Мен, Йўлтурдининг эски таниши бўламан! ‒ маълум қилди Сафохон, хаёлидан бир онда: “Ишқилиб, уйида бўлсин-да! Ишни битиролмагани-битиролмаган, мана бу сарсон қилиши ҳаммасидан ўтиб тушди! Айниқса, Абдурасул отага ўхшаган қарияларнинг олдида юзим шувут бўляпти, ёмон уятга қўйди бу Йўлтурди деганлари!” деган ўй ўтди, мазкур ўй уни ҳушёр торттирди, мазкур ўй таъсирида ўзини дадил тутиб сўзида давом этди: ‒ Ҳуув анави куни, тўғрироғи, ўтган ҳафтадаям келиб кетиб эдим. Бугунни назарда тутиб, уйда бўламан дегандилар. Эрталаб, аниқроғи соат ўнларда телефонлашиб олиб эдик…
Эшикни ёши ўттиз билан қирқлар ўртасидаги эгнига хитойи шойи халат кийган дўмбоққина қора сочлари калта қилиб қирқилган, қорамағиздан келган гўштдор юзли, таннозроқ ва айни пайтда димоғдорроқ экани шундоққина кўриниб турган аёл очди. Рўпарасидаги эркакни ва сал нарида автомаркабда ўтирганларни кўриши ҳамоно уларнинг нима мақсадда келганларини фаҳмлаб, халатидан туртиб чиққан кўкраклари олдини тўсган бўлиб, ўша ерига чап қўлининг кафтини олиб бориб беркитаркан:
‒ Сиз пул масаласида келувдингизми? ‒ деб сўради.
Сафохон тасдиқ ишорасида бошини тебратиб қўйиб:
‒ Ҳа, боя айтганимдай ўтган ҳафтада келиб эдик, бу иккинчи бор ташрифимиз! ‒ дея маълум қилди, бу сафар ҳам бир ўзи эмас, бошқалар билан келгани учун аёлнинг олдида хижолатланди. Бу ҳол, айниқса, аёл тез-тез автомаркабдагиларга кўз югуртириб қўяётганида наинки унинг вужудида, балки ташқи авзойида ҳам акс этиб турардиким, буни Йўлтурдининг хотини ҳам яққол сезиб, ундан норозиланиб бурнини жийирганидан ҳам ҳис этди.
‒ Озроқ кутиб тураркансизлар. Ўша нарасани опкелгани кетдилар. Бировга бериб қўйган эканлар, ‒деди аёл, унга Сафохоннинг ўзи ва қўйган соқоли, ҳатто хижолатланиб мўлтираб туриши ҳам ёқмади. “Ҳе, аммамнинг бузоғидек лалаймай ўл! Сенга ким айтибди бу одамга пулингни бер деб? Ҳали бир эмас, бир неча марта овораи сарсон бўласанлар, мана мени айтди дерсан!”, деб ичидан уни мазах қилди.
‒ Менга ундай демовдилар-ку! Келаверинг, тайёрлаб қўяман девдилар!.. ‒ ўнғайсизланди Сафохон, ҳафсаласизлик ила автомаркабдаги шерикларига назар солди.
Аёлга Сафохоннинг автомаркабга қараб қўйиши ёқмади, аммо у ерда қариянинг ўтирганини кўриб хийла чўчиди. Шунда ҳам парво қилмагандай оҳангда деди:
‒ Тайёрлаб қўйдим демаптилар-ку, тайёрлаб қўяман дептилар,