Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 19
‒ Ишқилиб, охиригача туриб берсин-да! ‒ кампирни эслаб кулиб қўйди Абдурасул ота. ‒ Сизларга айтиб берувмидим, саккизинчи Март куни масжид ҳовлисидаги атиргуллардан бир ғалати букет тайёрладим-да, уни бориб табриклаб келдим! ‒ ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб сўзлаб берди у. ‒ Бир хурсанд бўлди денглар, бир хурсанд бўлди-ее!
‒ Тағин опоқим эшитиб қолмасинлар, опоқимдан балога қоласиз-а! ‒ ҳазиллашди Тошмурод, орқа ўриндиқнинг эшигини очиб қўйиб йўлдан қўзини узмай ўтирган Сафохонга қараб иршайди.
‒ Опоқингиз қаёқда билсин, опоқингиз Ўрикзорда ‒ Асқарникида-ку!
‒ Тешик қулоқ эшитади дейишади-ку, шунга айтаман-да! ‒ бўш келмади Тошмурод.
‒ Бунақа ишларни боплайсиз-да, Абдурасул ота! ‒ қариянинг фаҳми-фаросатига қойил қолганини маълум қилди Сафохон. ‒ Жуда чиройли иш қипсиз, аммо-лекин!
‒ Мана шу нарса ҳеч бирингларнинг эсингизга келмади! Ҳатто ўзларини энг ҳушёр, донолардан санайдиган Норбобо аканинг ҳам фаҳми етмади! Ахир, ана шу касал ҳоли билан бизларни деб энг юқоригача чиқаман деяпти, сўзидан қайтмаслигини такрорлайди, нега энди мен уни унутишим керак? Боши осмонга етди, бир инсоннинг ҳурмати-да! ‒ ўзининг қилган ишидан нечанчи бор севиниб, завқланиб кетди. ‒ Бир инсоннинг ҳурмати!
‒ Сиз бошқачасиз-да, Абдурасул ота, илойим барака топинг, ‒ ўз навбатида унинг ҳам ҳурматини ўрнига қўйди Сафохон. ‒ Бунақа нарса сиздан бошқанинг хаёлига келмайди, ҳатто Норбобо аканинг ҳам!..
Шу маҳал улар олдига орқа кўчадан қора рангли “Нексия” келиб тормоз берди. Уччовининг эътиборини автомаркабнинг тормоз бериши ўзига тортди.
‒ Ана келди, ‒ деди Сафохон рулда ўтирган Йўлтурдини назарда тутиб, ёнидаги ўттизларга бориб қолган йигит унинг диққатини ўзига тортмади.
Абдурасул ота ва Тошмурод одинма-кетин автомаркаб ичига қарашди. Қариянинг диққат-эътиборини Йўлтурди тортмади-ю, бироқ унинг ёнида ғўдайиб ўтирган ўзининг ноқобил жияни Курбат эканлигини кўриб тепа сочи тикка бўлиб кетаёзди. Унинг ўғли Асқарга нисбатан қилган адолатсизлигига ҳали ҳам чидай олмаётганди. Бу бетамизнинг яхшиликка ёмонлик билан берган жавоби, айниқса, уни қаттиқ изтиробга тушишига сабаб бўлган, жиянини кўрди дегунча ўғли Асқарнинг бошига тушиши мумкин бўлган балони эслаб ич-ичидан тутаб кетаверар, “Қани энди замон кўтарсаю бу бетавфиқни мулла минган эшак сингари додини бериб қўйсам!”, деб кўнглига турли бадниятларни ҳам тугган пайтлари кўп бўлар, лекин ёши ўтиб, мана бундай кучдан қолганини эслаб афсус-надоматлар чекишдан нарига ўтолмасди. Айни чоғда ҳам худди ана шу ҳол юз бериб: “Бу турқи совуқ билан ошна экан-да, Йўлтурди дегани! Ўхшатмасдан-учратмас