Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 23
Анча йиллар ўтиб, Шокир баззов бу ёруғ оламни тарк этиб кетгач, Риҳси кампир ҳам анча кесайиб, саксондан ҳатлаб улгургач, Қурбат деганлари эса Ракат маҳалладан келин бўлиб тушган туппа-тузук одамларнинг бинойидек, ойдеккина қизини “оғзи ҳидланаркан” деб ҳеч ақлга сиғмайдиган айб билан мазаммат қилиб қўйиб юбориб, Рашид дўкондан бошқа учта тоғасидан эшитадиганини-эшитиб, таъна-маломатларга қолса-да, сира ақлини йиғиб олишни истамаган кунларнинг бирида, Абдурасул акадан кейинги укаси Абдуҳамид тўнғич ўғли Мирзиёдни уйлантираётганида, у кенжа укасини ахтариб қўшни ҳовлига кирганида, бир пайтлар ўзи қурган ва ўн-ўн беш йиллар атрофида бола-чақаси билан бирга яшаган уйининг айвонига кўтарилиб, эшикдан ичкарига мўралаганида жияни Қурбат бир пайтлар катта бобоси Ҳосил баззоз Оренбургдан харид қилиб олиб келиб набираси Раънога сеп тариқасида тортиқ қилгани қизил эрони гилам устига кўм-кўк дуҳоба кўрпачани икки қават қилиб тўшаб чўзилиб ётиб олган кўйи телевизорга видео улаб қўйиб, айтишга ҳам тил бормайдиган фаҳшни тарғиб қилувчи бемаза-тутуриқсиз парнофильмни кўраётганининг устига кириб қолган, кириб қолиши ҳамоно жиянини ғадабга олиб: “Нега ўртанча тоғангникига тўйга бормай ‒ мана бундай беҳаё, ҳеч бир одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган, инсон зоти жирканадиган фильмни кўриб ётибсан?!”, деганида, ана шу мазмунда тергаганида, у бетамиз: “Тоға бўлиб менга нима яхшилик қиляпсизлар? Ўша Зиёднинг тўйига бориш-бормаслигим билан нима ишингиз бор? Боргим келмади, вассалом!”, дея уни жеркиб ташлаган, кейинчалик онаси Риҳси кампир ҳам суюкли невараси Қурбатнинг ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайдиган ‒ одам боласи гапиришга ҳам ҳазар қиладиган мана бундай номаъқулчиликларга бориб, бемаъни ‒ шарм-ҳаёсиз бир фильмни кўриб ётган бўлганини тўнғич ўғлидан эшитса-да, ўзини бу нарсага эътибор бермаган қилиб кўрсатиб, ўғли Абдурасул невараси Қурбатни ўз ҳолига қўймай ‒ тўйга бормагани учун “тоза пўстагини қоққанига” алоҳида урғу бериб, ана шуни баҳона қилиб у ҳам аччиқ-тиззиқ гаплар билан ўғлидан аламини олган, аламини олиб ҳам ҳоври босилавермагач, анчагача ундан аразлаб гаплашмай юрган, тўнғич ўғлини кўрди дегунча қовоқларини осилтириб хўмрайиб олар, баъзида эса берган саломига ҳам алик олмай тескари ўгирилиб уйга кириб кетарди. Ана шуларни хотирларкан, Абдурасул отанинг кўнглидан: “Ойим раҳматлиям буздилар-да буни ‒ болалигидан эркалайвериб, кўнглига қарайвериб, охир-оқибат мана натижаси ‒ ҳеч кимни писанд қилмайди, ҳеч кимни одам ўрнида кўрмайди ‒ ўзи хон, кўланкаси майдон ‒ истаган аҳмоқгарчиликларни қилишни одат тусига айлантириб олди!”, деган ўй кечди, мазкур ўй ўтиши ҳамоно жиянининг уйланиш воқеаси ёдига тушди. У тўғри одам