Қазои Қадар. Аббос Саид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қазои Қадар - Аббос Саид страница 22
Абдурасул ота унинг феълини жуда яхши билгани учун мана бундай хезланиб чиранишига ҳеч бир парво қилмади, билъакс унга қасдма-қасдликка олға юриб уни орқага тисарилишга мажбур этаркан:
‒ Сен Қурбат эмас, Ғурбат экансан, тушундингми? Ана шуни бетингга айтмоқчи эдим! Билсанг агар, сен бу исмга номуносибсан! ‒ дея омади гапни айтган бўлди.
‒ Нега номуносиб эканман? Нима қипман ғурбатлик қилиб?! ‒ тап тортмади Курбат, тоғаси нега бундай деяётганини балодай сезса-да, лекин ўзини сезмаганликка олиб, тўғрироғи, туллаклик қилиб яна сўради: ‒ А, нима қилдим?!
Абдурасул ота унинг доғулилигидан яна ҳам жиғибийрон бўлди. Асабийлашиб ён-верига қаради, бошини тебратиб жиянига “аблаҳсан!” деган йўсинда кўзларини ўқрайтирди, юраги алланечук уриб, бутун вужуди титради ‒ бу ҳолати унинг овозида ҳам акс этди:
‒ Сен ярамас ҳеч қачон одам бўлмай-йсан! Одам бўлганингда Асқарнинг яхшилигини билардинг!
Курбат тоғасининг айни дамдаги руҳий ҳолатидан бехабар, у “ғазаб отга минди” деб фаҳмлаб, паст келгудай бўлса у авж олиши мумкинлигини таҳмин қилиб, ҳеч бир андишага бормай:
‒ Нима қипман Асқарингизга?!:
‒ Ана, бор, кичик тоғанг Рашиддан сўра, нима қилганингни айтиб беради! Хотини, анави офат Тоҳира Асқарнинг уйига бориб тўполон қип юрибди!
‒ Нега тўполон қилади?
‒ Пули йўқ эмиш! Сенинг ўша қилган номаъқул ишинг учун Рашид тоғанг Асқарга пул берганмиш! Ўшани сўраб борибди!
‒ Рашид акамнинг пулга эҳтиёжи йўқ эди-ку! ‒ ўзини ҳайрон қолгандай қилиб кўрсатди Курбат, заҳчаникига ўхшаш кўкўзларини тўнғич тоғасига бақрайтирди. Айни чоғда хаёлидан: “Сенлар билан Рашид акамнинг ораси бузилгани жуда яхши иш бўпти, мен учун айни муддао-да! У бундан-буёқ мендан кўра сенларга кек-адоват сақлайдиган, сенларга аҳли-оиласи билан бирга душман кўзи билан қарайдиган, сенларга ғазаб-нафратини сочадиган, менга эса муомаласини тузатиб яхши муносабатда бўладиган бўпти! Ҳа, ҳа, мен Рашид дўконни яхши биламан-ку! У бундан-буёқ ўзини сенсирасаям мени сизлайдиган, ҳурматимни жойига қўйиб соямга кўрпача соладиган бўпти, мен унинг кимлигини, унинг феълини яхши биламан ‒ сенлар билан уришиб-жанжаллашдими, албатта мен билан алоқасини тиклайди, мен билан яхши бўлишга ҳаракат қилади, атайлаб ана шу йўлни тутади ‒ сенларга алам қилишини истагани сабаб менга яхши кўринишга уринади!”, деган мазмундаги ўй-фикрлар ўтиб, ўзича сўзланиб, ичдан кенжа тоғасининг хатти-ҳаракатларига ва феълидаги айрим нозик ноқисликларга ўзининг баҳосини берган, унинг бундан-буёнги ўзини тутишлари, тўнғич акаси ва унинг оиласидагиларга, қолаверса ўзига бўлган муносабати келажакда қай томонга ўзгаришини миясида таҳлил қилиб чиқди. Мазкур тахминий хулосаси ва ўй-мулоҳазаларидан дилида мамнунлик, ич-ичидан хурсанд бўлиш, қувониш ҳиссини туйди.
‒ Буни бориб