АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 20
– У жуда ёш…
– Амримни бажаринг! – Нуҳ ибн Мансур унинг кўнглидан ўтган гапни билиб, қўшиб қўйди. – Не бўлганда ҳам навжувон шогирдингизнинг жонига қасд қилмасмен.
Ал-Қумрий амирнинг хаста ҳолида ҳам бу қадар ҳушёрлигидан лол эди. Ажабланиб, бир зум жимиб қолди. Енгил тортиб, таъзим бажо келтирди. Хилватхонадан чиқаётганида амирнинг бош табибни ҳузурига чорлаган овозини эшитди.
* * *
Нуҳ ибн Мансурнинг хосхонасига ўрта бўй, қорамтир юзли, кўзлари катта-катта, сийрак чўққи соқолли қария кирди. Бошидаги ҳаддан ташқари катта салласи-ю, узун адрас чопони унинг чувак юзи, букчайган гавдасига бирмунча салобат бағишлаб турибди. Бу – бош табиб Ғайс ибн Ваққос. У аввалги бош табиб ал-Қумрийнинг ўрнини эгаллаганидан буён ўта фитнакорлиги, чақимчилиги билан сарой табиблари ўртасида ваҳима, қўрқув уйғотиб келади.
Ғайс ибн Ваққос партўшакда ётган амирга бош эгиб, таъзим қилди. Ал-Қумрийнинг амир ҳузурига чақирилгани унинг кўнглида ғашлик, шубҳа уйғотганди. Шунинг баробарида амир нечун чорлаганини билолмай ҳадиксирар эди.
– Сиҳатларида ўзгариш борми, амирим? – деди овозига майинлик бериб.
– Бирдек, – Нуҳ ибн Мансур совуққонлик билан чўрт кесди. – Айтингчи, бош табиб жаноблари, сиз Ҳусайн исмли навжувон табибни билурмисиз? Ҳусайн ибн Абдуллоҳ…
Ғайс ибн Ваққос ҳушёр тортди. У амирнинг ал-Қумрий ҳақида сўзлашини кутиб безовта эди. Бироқ ундай бўлмади. Бу унинг шубҳа-гумонларини янада оширди. Амир ундан ёш бола ҳақида сўрамоқда. Амирлик мулозими Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўғли Ҳусайн бир неча йилдан буён ал-Қумрийнинг суюкли шогирди экани, эндиликда Бухорода устозиданда машҳур бўлиб кетганини яхши биларди. Амирнинг ҳузурида ёлғон гапириш имконсиз. Ҳазрат шу қадар сершубҳаки, суҳбатдошининг ҳар бир гапини хуфиялари орқали суриштириши мумкин. У осмондан юлдуз учиб тушгандек ялт этиб Нуҳ ибн Мансурга қаради.
– Биламен, амирим, бироқ у жуда ёш.
– Бухорода қўли енгиллиги билан танилган эмиш?
– Авомда шундай гап юрадур.
– Демак, тасдиқлайсиз?
Ғайс ибн Ваққос беихтиёр бош эгди.
– Сизга рухсат бердик.
Бош табиб бошқа сўроққа тутилмаганидан енгил тортди. Даволаш борасида танбеҳ эшитмаганига шукр қилди. Таъзим билан хосхонадан чиқар экан, ал-Қумрийнинг амирни даволаш учун шогирдини тавсия қилганига ажабланди. Балиқнинг куни кўл билан бўлганидек, Ғайс ибн Ваққос ўзгача фикрлай олмади. “Бул қария амирнинг ғазабидан қутулиб қолмоқ мақсадида шогирдини рўбарў қилган”, деб ўйлади.
* * *
Ал-Қумрий Аркнинг салобатли зиналаридан регистон майдонига тушганида фалакда қора булутлар кезарди. Ҳар-ҳар замонда ёришаётган осмон даричасидан йилт этган бир тутам нур кўриниб қолади ва яна лаҳзада чексиз гардуннинг сирли пучмоқларига беркиниб олади. Булутларнинг пастлай бошлагани тез орада қайта ёмғир ёғишидан