АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 22

Жанр:
Серия:
Издательство:
АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

Скачать книгу

бўлиб қайтгани ва молиявий ҳисобот тайёрлаши лозимлигини эслади. Юрагида эса ўғлининг амир ҳузурига кетганини завжаси Ситорабонуга қандай етказиш ташвиши бор эди. Ал-Қумрийнинг Ҳусайнни ўз фарзандидек кўришига ишонади. Бироқ, бу ўй ҳам таскин бермади. Кўнглидаги хавотир тарқамади. Ҳусайндан беш ёш кичик, айни пайтда ичкари ҳовлида, онасининг ёнида бўлган ўғли Маҳмуд кўз олдига келди. Бу оламда мана шу икки фарзандидан ўзга кими бор? Қариндошлари ҳам йироқ-йироқларда, болалиги, ёшлигида қолиб кетган. Балхда… Юрагидаги жарлик ёқасига келиб қолган кимсаникидек сесканиш тарқамаётир… Тош кўчадан кетаётган ўғли ва биродари ортидан улар кўздан йўқолгунча ўйчан термулиб турди. Йўлдан елкасига хуржун ташлаб олган девона ўтди. Кулоҳ кийган бундай гадолар Балхда ҳам кўп эди. Иттифоқо хаёлида ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳрининг кўҳна саройлари жонланди. Болалигида бу саройлар ҳам Бухоро Арки сингари сирли ва ваҳимали кўринган…

      * * *

      Тунд осмонда булутлар ҳамон қуюқлашиб бормоқда. Ёмғир бир-икки чак-чак этиб томчилади-ю, тиниб қолди. Устоз ва шогирд гоҳ суҳбатлашиб, гоҳида жим юриб боришарди. Бири кекса, бири ёш бу икки табибнинг хаёлини олдинда ўзларини кутаётган воқеалар банд қилган.

      – Устоз, амирнинг юраги қувватсиз экани аниқ, – деди Ҳусайн.

      – Хасталик хуруж қилганда шундай бўлмоғи тайин.

      – Юракнинг бир бўшлиғида Тангри томонидан руҳга ўрин берилган. Бу руҳ барча нафсоний қувватларни бошқаргай33.

      Ал-Қумрий шогирдига ажабланиб қаради. Кекса олим шу пайтгача бундай дадил фикрни ҳеч кимдан эшитмаган эди.

      – Ҳусайн, бул мунозаралиғ масала, – деди.

      – Фикрламоқ лозим, – Ҳусайн ўйланиб қолди. – Амирнинг хасталиги сабабини ҳам шул жумбоқдан изламоқ жоиздур?

      Ал-Қумрий унинг бу гапидан янада ҳайратланди. “Ё Оллоҳ! – ўйлар эди у. – Бул навжувонга Эгамнинг назари тушган! Унинг фикратида маҳдудлик34 йўқдир. Ўйининг меҳробларида35 яна нелар борлиғин мен, аллома табиб ҳам билмаётирмен”.

      Бу пайтда улар бозор рўпарасидан ўтаётган эдилар. Ҳунармандлар дўконлари қаршисида деҳқоннамо кийинган йигитлар издиҳоми тўпланган. Улар шошиб бораётган икки кимсага ажабланиб қарашди.

      – Гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб-ку! – деди кимдир баланд овозда.

      – Сарой томон бараётирлар!

      – Наҳотки?!

      – Шундайга ўхшайди…

      Ал-Қумрий билан Ҳусайн бу гапларни эшитмас эдилар ёки эшитсалар ҳам эътибор бермадилар. Айни пайтда уларни на атрофдаги одамлар, на яна чак-чак тома бошлаган ёмғир тахайюлларидан чалғита олмади. Ботинларида уммон тўлқинларидек жўш ураётган туғён фақат ўзларига аён. Ал-Қумрий ҳукмдор ҳузурида бўлажак воқеалар, фарзона шогирдининг тақдири қайғусида. Ҳусайн эса сарбаланд табибларнинг китобларида ўқиганларини бир-бир хотирлаб, ўзини масъулиятли синовга ҳозирлайди.

      Регистон майдонидан ўтиб, “Дари регистон” дарвозасига келганларида қўнғир булутлар қоплаган осмонда чақмоқ чақди.

Скачать книгу