АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 23
Навкарлардан бири уларнинг олдиларида, иккинчиси Абу Алининг ортида тўғрига қараб, гап-сўзсиз йўл бошлаб боришар эди. Саломхонадан ўтиб, амирнинг ҳашаматли саройига келдилар. Сарой эшигида ҳам икки соқчи тек қотган. Берироқда чўққисоқол бир кимса безовталаниб турибди.
– Бул зот бош табиб Ғайс ибн Ваққос бўладилар, – деди ал-Қумрий паст овозда.
Бош табибнинг нигоҳи ал-Қумрий билан Ҳусайнга тушди-ю, ёвга дуч келгандек бир зум бақрайиб қолди. Ҳусайн унинг совуқ тикилган кўзларида ғазаб учқуни йилт этиб, шу лаҳзанинг ўзида тиришган қобоқлари ортига яширинганини пайқади. “Бул кимса устозимга дўст эмас экан”, деган хаёлга борди.
Ал-Қумрий, унга эргашиб Ҳусайн ҳам қўлларини қовуштириб бош табибга салом бердилар. У истеҳзоли табассум билан алик олди.
– Ал-Қумрий жаноблари, навжувон шогирдингизни амир ҳазратлари ҳузурига олиб келибсиз-да, – деди
– Шундай, тақсир. Амиримизнинг изнларига биноан келдик.
– Унда, марҳамат қилсинлар! Мен андак вақт ўтиб кирурмен.
Бош табиб шундай деб нари қараб кета бошлади. Ал-Қумрий бир муддат унинг ортидан тикилиб турди. Ҳусайн устозининг хотиржам юз-кўзида ҳеч қандай ифода кўрмади.
Икки навкар уларни сарой соқчиларига топшириб, ортларига қайтишди. Сарой соқчиларидан ёши улуғроғи ал-Қумрийни танир экан; қўлини кўксига қўйиб салом берди. Унинг шогирди билан ташрифи борасида буйруқ олганларини айтди. Ҳусайнга бир қараб олди-да, сарой эшигини оҳиста очиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайн бошига дубулға кийган,пахмоқ соқол, ғўлабирдан келган соқчининг доира шаклидаги темир қалқонини маҳкам тутганича залворли қадам ташлашини қизиқиш билан кузатиб турди.
Соқчи тез қайтиб чиқди. Ал-Қумрийни ичкарига киришга ишора қилиб, яна ўз жойига туриб олди. Уларни саройда амирнинг яна бир хос соқчиси қарши олди. Соқчи мўйлаби эндигина сабза урган, ёш, кўркам йигит эди. У икки табибни улкан даҳлизга очилган эшиклардан бирига олиб кирди. Бир нечта хонадан ўтиб, ўзларини бошлаб келган соқчига жуда-жуда ўхшаган яна бир навкар қўриқлаётган эшик қаршисида тўхташди.
– Амирнинг хосхонаси, – деди ал-Қумрий паст овозда. – Бу уйга Нуҳ ибн Мансурдан ўзга кимса қадам босмайдур. Айни дамда табиблар ва хизматчилар бундан мустасно.
Уларни олиб кирган соқчи эшикни секин чертиб, томоғини қирди-да ичкарига кирди. Бир зумда қайтиб чиқиб, “Кирмоғингизни буюрдилар”, – деди.
Аввал ал-Қумрий, унинг ортидан Ҳусайн соқчи очиб турган эшикдан ичкарига киришди. Бу хона жуда кенг ва ҳашаматли эди. Хона деворлари ганчкор ислими нақшлар билан безалган. Вассажуфт қилиб ишланган баланд шифтга ҳам анвойи ранг бериб, зарҳал нақшлар чизилган. Тўрдаги тутқичларига тилла суви югуртирилган улкан катда36 Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур ёнбошлаб ётибди. Елкасига нилий ранг зардўзи чопонини