АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 27
Ал-Қумрий билан Ҳусайннинг шу кунги илк ташрифлари, қанчалик сир тутилмасин, Аркда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. “Дари регистон” дарвозасининг соқчилари бири кекса, иккинчиси навжувон табибларни узоқдан таниган эдилар. Улар тош зиналардан кўтарилганларида дарча олдидаги соқчи дарҳол эшикни очди. Беўхшов илжайиб қўйди-да, яна ўз ўрнига туриб олди. Хуш мўйлаб, озғин, рангпар бу йигит ўттиз ёшларда эди. Унинг ҳаракатлари бироз ғайритабиий бўлгани учун Ҳусайн синчков бир назар ташлади. Ичкарига кирганларида:
– Бул йигит афюний51 эркан, – деди секин.
Ал-Қумрий индамади. Долондаги соқчилардан узоқлашганларида паст овозда тушунтирди:
– Ул бечора афюнга ўрганиб бўлган. Умри шунинг оқибатида якун топмоғи тайин. Бундайлар қалъада ягона эмас. Афюн, май истеъмол қилурлар, сипоҳхонада бузуқликлар билан машғул бўлурлар. Кўпларида на оила, на фарзанд бор. Уларнинг орасида сабийлик пайтида турли юртлардан олиб келинганлар ҳам талайгина. Соқчиликдан, сипоҳий машқлардан бўшаганларида ишратга берилурлар. Бир кун жангу жадалларда шаҳидлик тақдирлари эканин ҳам билурлар.
Қалъадаги атрофига садалар экилган ҳовузга яқинлашиб қолган эдилар. Аллақаерда жилдираб сув оқаётгани эшитилди. Олдинда бош табиб Ғайс ибн Ваққос кўринганида ал-Қумрий жимиб қолди. “Пойлоқчи қўйғон эркан-да-а”, – деди секин. Чунки, уларнинг Аркка кириб келаётганларини Ғайс ибн Ваққос аввалдан билгани бежиз эмас. Қалъа хизматчиларининг ҳар иккитасидан бири хуфиялик билан шуғулланишини эса ал-Қумрий яхши биларди.
Аркнинг шарқий ва ғарбий дарвозаларини туташтирган йўл бўйлаб амирлик девонлари жойлашган. Бу серҳашам иморатларга ихчам саллали ёш-қари мулозимлар тинмай кириб-чиқишмоқда. Улар ўз ишлари билан банд бўлиб, бу икки ташрифчига эътибор беришмади.
Ғайс ибн Ваққос икки табибни тасодифан кўриб қолгандек, юриб келаётган жойида тўхтади. Одати шундай чамаси, қорамтир юзига ярашмаган чўққи соқолини силаб қўйди. Юзма-юз келганларида истеҳзо билан кулди:
– Саройга серқатновсиз, ал-Қумрий жаноблари?
– Амир ҳазратларининг топшириқларини бажармоқдамен.
– Ёнингиздаги навжувон ҳамми?
– Билурсиз, Ҳусайн ибн Абдуллоҳ менинг шогирдим.
– Шогирдингиз соясида эътибор қозонмоқ сиздек фузало52 табибға ярашмайдур, – чақиб олди ибн Ваққос.
– Амиримизнинг сиҳатлари ҳар недин улуғдир. Қандай амал лозим бўлса, шуни бажарурмиз. Шундай эмасми?
Ал-Қумрийнинг нозик жавобини эшитиб, бош табибнинг кўзлари ғазабдан ёнди. Бу ҳолатни яширмоқ учун улкан салла пастга эгилди.
– Шундай! – деди хириллаб ва терс бурилиб, тез-тез юриб нари кетди. Қалъанинг зиндон тарафидан ингроққа ўхшаш зорланган товуш келди. Ҳусайннинг юраги сирқиради. Ер остидаги зулматда жон таслим қилаётган бандининг қиёфаси хаёлида жонланди… У оғир