Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қумдаги хотин - Абэ Кобо страница 11
Хотин тинимсиз бориб-келиб турибди. Бир неча марта саватлар тушиб-чиқиб, ўз вазифасини бажармоқда. Агар ахвол шу тариқа давом этадиган бўлса, у эртага ишга ярамай қолади. Ахир тонг отиши билан туриб, кунни унумли ўтказиши керак. Ухлайман деб қанчалик тиришмасин, тобора уйқуси қочиб кетмоқда. Кўзи ёшланиб, пириллаб, сурункасига қуйилиб турган қумга бас келолмай ачиша бошлади. У сочиқнинг тахини ёзиб, юзига ёпди. Нафаси бўғилса-да, ҳар қалай шуниси дуруст.
Яхшиси бошқа нарсалар тўғрисида ўйлаб кўра қолсин. Кўзини юмиши билан иланг-биланглаганча аллақандай узун иплар суза бошлади. Булар тепа бўйлаб кетган қум юзидаги нақшлар. Ахир улардан ярим кун кўзини узмади-да, кўзига шуларнинг акси тушиб қолганга ўхшайди. Худди шундай қум оқимлари шаҳар ва катта-катта империяларни босиб, ютиб кетган. Буни, ҳа шундай, Рим империясинин1 сабуляцияси деб атайдилар… Умар Ҳайём куйлаган шаҳарлар-чи… Уларда тикувчилик устахоналари. қассоблик дўконлари, бозорлар бўлган. Уларни чирмашиб кетган кўпдан-кўп йўллар ўраб олган, йўлларни эса ҳеч нарса жойидан қўзғатолмайдигандек эди. Шулардан ақалли биронтасининг йўналишини ўзгартиш учун давлатлараро бир қанча йил урушиш керак бўларди… Собит эканлигига биронта одам ҳам шубҳаланмаган қадимий шаҳарлар… Аммо оқибатда улар ҳам 1/8 мм диаметрли ҳаракатчан қум оқими қонунига бардош беролмадилар.
Қум…
Агар қум призмаси орқали қаралса, ўз шаклига ага ҳамма нарсалар ҳам нореал бўлиб кўринади. Ҳар қандай шаклни инкор этадиган қумнинг ҳаракатигина реалдир. Хотин яланг қават тахта деворнинг нарёғида қум қазишда давом этмоқда. Хўш, шу ингичка, ирвоқ қўллари билан у нима ҳам қила оларди? Бу – денгизнинг ўрнига уй солиш учун сувини челак билан олиб қуритишга интилиш демакдир. Кемани сувга тушираётганингда сувнинг қандай эканлигини билишинг керак.
Бу фикр бирдан кўнглидаги диққатликни ёзиб юборди. Бу хотин қазиётган қумнинг шитирлаши туфайли туғилган эди. Агар кема сувда сузишга яраса, қумда сузишга ҳам яраши керак. Агар, уй ҳаракатсиз бўлади, деган қолоқ фикрдан халос бўлинса, унда қум билан курашишнинг ҳожати ҳам қолмайди… Қум бўйлаб сузиладиган эркин кема… Сузувчи уйлар… Шаклсиз қишлоқлар ва шаҳарлар…
Қум, табиийки, суюқлик эмас. Шунинг учун ҳам, бирон нарсани ўз сатҳида ушлаб туради, деб ўйлаб бўлмайди. Агар, чунончи, қумга ҳатто унинг ўзидан енгилроқ чоғиштирма оғирликка эга бўлган пўкакни ташлаб қўйсангиз ҳам маълум вақтдан сўнг чўкиб кетади. Қум бўйлаб суэиш учун кема одатдагидан кўра мутлақо бошқа сифатларга эга бўлиши керак. Масалан, уй бочка шаклида бўлиши керакки, думалаб-думалаб юрсин… Агар у ақалли бир оз айланиб турса-да, босиб қолган қумни тушириб юбориб яна юзага чиқа олади… Албатта, бутун уй тинимсиз айланган тақдирда, унда яшайдиган одамлар оёқ устида туролмай қоладилар… Шунинг учун, ҳунар ишлатиш керак бўлади – чунончи, бочканинг ичига бочка жойлаш керак бўлади шекилли… Шундай қилинадики, ичидаги бочканинг маркази бир жойда, таги пастда бўлади… Ички бочка доимо ҳаракатсиз