Қумдаги хотин. Абэ Кобо
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қумдаги хотин - Абэ Кобо страница 8
– Қум босиб қолибдими?
– Ҳа, мутлақо.
– Жуда ёмон… хунук иш бўлган экан. Қум шундай қилибди-я. Қандай хунук..
Чироқ бирдан липиллай бошлади.
– Яна қум.
Хотин эмаклаганча қўлини чўзди-да, кула-кула пиликни ушлади. Чироқ бирдан пориллаб ёна бошлади. Ўша холатда турганча у чироққа тикилиб қарар, чеҳрасида намойишкорона табассум акс этар эди. Афтидан, юзидаги кулгичини кўрсатиш учун жўрттага шундай қилаётган бўлса керак. Эркак беихтиёр сергакланди. Хотин унга ғоят беҳаёдек бўлиб кўринди – ахир ҳозиргина яқин кишиларининг ҳалок бўлганини гапириб ўтирган эди-я.
– Ҳой, бу ёққа қара, биз яна бир киши учун белкурак билан бидонлар олиб келдик.
Узоқдан, эҳтимолки карнай орқали келаётган аниқ овоз, икки ўртадаги ноқулайликка барҳам берди. Кейин пастга қараб отилган темир-терсак буюмларнинг тарақтуруғи эшитилди. Хотин жавоб бериш учун ўрнидан турди.
Эркакнинг ғаши келиб ғижинди: бундан яшириқча бир балолар бўлаётган эди.
– Нима гап ўзи? Демак, бу ерда яна бошқа одам бор экан-да!
– Қўйинг, илтимос қиламан… – Хотин худди биров қитиқлаётгандек ғужанак бўлиб олди.
– Аммо ҳозиргина аллаким: «Яна бир киши учун», деди-ку.
– Ха-а-а. Улар… улар сизни айтишяпти.
– Меними?.. Белкуракни нима қиламан?..
– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, эътибор берманг… Яккаш худа-беҳудага суқилишгани суқилишган.
– Балки янглишишгандир?
Бироқ хотин жавоб бермай, ерга чўккалаб ўтирди.
– Сизга ҳали чироқ керакми?
– Унча ҳожати йўқ…Ўзингга у ерда керак бўлар.
– Йўқ, қоронғида ишлашга ўрганиб кетганман.
Хотин далада ишлаганда кийиладиган похол қалпоқни кийиб қоронғиликда ғойиб бўлди.
Эркак яна сигарета чекди. Атрофида алланима балолар бўляпти, ўрнидан туриб, бўйранинг орқасига қаради. У ёқда дарҳақиқат хона бор экан, аммо бўм-бўш. Уй ўртасида девор тирқишидан сизиб кирган бир уюм қум дўппайиб турарди. Эркак анг-танг бўлганча серрайиб қолди… Уй ичини, панжаси ҳамма ерга етадиган тиним билмас қум ярмигача кемириб қўйибди… Урта ҳисоб билан 1/8 мм диаметр ҳажмидан бошқа ўз шаклига эга бўлмаган ўша қум. Шакл-шамойили йўқ бу омонсиз кучга нисбатан ҳеч нарса қарши туролмайди… Эҳтимолки, бутун куч-қудрати шакл-шамойилининг йўқлигидадир…
Бироқ эркак дарҳол сергакланди. Ия, бу хонадан фойдаланиб бўлмаса, хотин қаерда ётаркин? Мана ҳозир ҳам тахта деворнинг нарёғида у ёқдан-бу ёққа бориб келяпти. Эркак қўл соатининг миллари саккиздан икки минут ошганини кўрсатиб турибди. Шундай бемаҳалда у ерда изғишдан муддаоси нима экан?
Эркак сув қидириб ерга тушди. Сув бакнинг таггинасида қолган, юзида занг сузиб юрар эди.