Мугат фолбин. Абдужалол Рахимов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Мугат фолбин - Абдужалол Рахимов страница 9

Жанр:
Серия:
Издательство:
Мугат фолбин - Абдужалол Рахимов

Скачать книгу

Эшқул пойлаб юрган экан. Ҳеч ким йўғида кириб келди. Кўзлари қип-қизил. Мастга ўхшарди. Қўрққанимдан овозим чиқмай қолди. Уйга қочиб кирдим. Эшикни беркитолмадим. У орқамдан кирди. Ўзимни деразага отдим. Ушлаб олиб бошимга мушт туширди. Ўзимдан кетиб қолибман. Белимдаги қаттиқ оғриқдан ҳушимга келдим…

      Олмагул икки кафтини юзига босиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. «Йиғлаб ол, енгил тортасан» деди кўнглида Забаржад. У юрагидаги бор аламини тўкмоқчидай анча пайт йиғлади. Кейин кафтларини юзига босиб, оққан ёшларини сидирди-да, давом этди:

      – Қип яланғоч Эшқул устимда ётарди… Кейин… «энди мен билан юр, уйимга олиб кетаман, бошқа иложинг йўқ» деди. Уни айтганини қилдим. Нима деса шуни қилдим. Икки ой бўлди, аҳвол шу. Отам билан онам ҳам адо бўлишди.

      – Уч кун аввал тунда қаерда эди?

      – Ризо деган шериги бор. Уям шу қишлоқда туради. Иккаласиям қамалиб чиққан. Ўша билан кетганича саҳарда кириб келди… Нега сўраяпсиз?

      – Керак, болажоним, керак. Қўлида нима бор эди?

      Олмагул Забаржадга ажабланиб қараб қолди.

      – Қопчиқ бор эди, – деди. – Омборга олиб кириб кетди. Унда нима бор? Кўрайми?

      – Одамлар келиб сўрашса, кўрсатасан. Ўзингни қўлга ол, қизим. Ақл билан иш қил.

      Забаржад фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. Олмагул нима дейишни ҳам, нима қилишини ҳам билмай ўсал бўлиб қолди. Фолчи кампир дарвоза томонга юриб, кўринмай кетди.

Жиноят фош бўлди

      Забаржад Эшқулнинг ҳовлисидан чиқди. Тонг отиб, қуёш заррин нурларини қишлоққа ёйиб улгурганди. Қирорти қишлоғи эрта уйғонади. Чўпон йигит подани қирга ҳайдаб кетди. Сигирлар ортидан вовуллаб югурган итлар Эшқулни уйидан наригача бориб, тўхташди. Бир-икки ҳуриб, қишлоққа қайтишди. Итлар йўл четида тикилиб турган мугат кампирга қараб ҳам қўйишмади. Забаржад қирлар ўртасидаги йўлга тикилиб қолди. Йўлдан иккита машина елиб келарди.

      Машиналар Эшқулни дарвозасига келиб тўхташди. Улардан форма кийган милиция ходимлари, фуқаро кийимидаги икки нафар йигитлар тушишди. Охирида қўллари кишанланган Эшқул, унинг орқасидан Ризо чиқди. Уларни аввалги «кишнаб» юришларидан урвоқ ҳам қолмаганди. Эшқул кўзларини ола-кула қилиб дарвозасига тикилди. Кўк катак кўйлаги ғижимланган, сочи тўзғиган, лабини қимтиб, алам билан тишларини ғижирлатди. Малла Ризони аҳволиям уникидан яхшимас. Билагидаги кишан бўйнидан ҳам бўғаётгандек оғзини очиб турибди. Милиция ходимларидан бири дарвозани тақиллатди. Кўзларини катта-катта очиб, ажабланганича Олмагул чиқди. Милиция ходимларини кўриб қўрқиб кетди. Эшқулга кўзи тушиб, орқага тисарилди.

      – Келин, уйда ким бор? – деди фуқаро кийимидаги ходим. – Мен терговчиман. – У гувоҳномасини очиб кўрсатди.

      – Ҳеч ким, – деди Олмагул қўрқа-писа Эшқулга қараб.

      Эшқул юзини бошқа томонга бурди. Терговчи Олмагулга уйни тинтишга рухсатномани кўрсатди.

      Қўни-қўшнилар йиғилиб қолишганди. Забаржад уларга қўшилиб кетди. Эшқул билан Ризони дарвозадан ичкарига олиб кириб кетишди. Йиғилган одамлар ҳам уларга эргашишди. Ҳеч ким қаршилик қилмади. Ҳовлини ўртасида уларни тўхтатишди.

      – Илтимос, шу ерда тура туринглар, – деди милиция кийимидаги йигит.

Скачать книгу