Қўрқма. Жавлон Жовлиев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қўрқма - Жавлон Жовлиев страница 9
– Эртакчи, лофчи, эсини еб-ютиб юборган чол! – аразлайман. Бобом бу гал сал кўнгилга қарайди.
– Чиндан эртак-да, болам! Ҳозирги одамлар: “Эртакларда бўлади бундай қаҳрамонлик”, – деб ишонади.
– Кейин-чи, бобо?
– Улар Олмониядан олтин, кумуш олиб келишади. Кейин уларни кўра олмаган бир девор қўшнилари Сталинга ёзади: “Бу Оврўпа таълимини олган мишиқилар олтин билан мудраб ётган кўзимизни қамаштириб, на ухлатгани қўяди, на ишлатгани! Тинчлик борми ёки йўқ? Улар нуқул: “Маърифат”, дейди, “Озодлик”, дейди! Бу нима дегани? Биз сизни отам деганмиз, хотинингизни энам деганмиз, биз лафзсиз бўлиб, гапимиздан қайтайликми? Мўйловингизни юз йил тавоф қилайлик, бундай онгимизни ўпириб, тинч ҳаётимизни бузаётган ёшларнинг танобини тортиб қўйинг!” Шунда Сталин бобо ҳам ғазабдан ёниб-ёниб, талабаларга ташланади. Қўзи қамовга бўри тушгандай ҳаммаёқ қонга беланади. Сўнг талабаларни кўмиб, устидан “Тошкент-70” навли пахта уруғини экиб юборади. Талабаларни сотган хоинларнинг эса кўксига темирча тақиб, талабаларининг қонидан нишлаб қолган пахтани чопиқ қилишга юборишади.
– Етмиш баҳодирнинг кучи етмадими?
– Орадан бир сотқин чиқади – қизил аскар.
– У ўрис бўлганми ё хитой?
– Ўзбек, шўринг қурғур ўзбек. Қора қош, қора соч, қора кўзи ўйилгур сотқин баҳодирларни чоҳга бирма-бир кўзларини боғлаб олиб боради.
– Сизнинг отангизми шу, қизил аскарми, бобо? Менга чинини айтинг?
Гап унга бориши билан бобом думини буриб қочади.
– Мен намоз ўқийман.
– Ўтган сафар ҳам қочгансиз.
– Фарзимни бажарай, кун тиккага келди.
Бобом киприкдай бўлиб ўсиб қолган майсалар устига жойнамоз тўшайди, азон янграйди.
Мен қўйларга сергак боқаман. Серка олдинлаб, буғдойзорни кўзлаб кетяпти.
Қўйларнинг олдини қайириб келаман.
Бобом намозни тугатмайди. Интиқ кутаман… Тиловат давом этади… Бобом қизил аскар ҳақида гапиришни истамайди. Ё кўп билмаганидан, ё ҳамон кимлардандир қўрққанидан ғинг демайди. Энг аввало, ўзидан қўрқади.
Қулоғимга чалинаётган овозлар эса сира тинмайди.
“1927 йилнинг баҳорида Мунавварқори Абдурашидхоновга2 хат ёзгансиз. Сиз Туркистон ҳаётида Ғарб Оврўпасининг ўрни катта эканлигини таъкид этиб: “Хорижда талабаларни ўқитиш битта-иккита тоғ ва саноат мутахассисларини етиштириш билан якунланмаслиги, бу билан биз ўйлаган халқнинг қашшоқ ҳаёти ўнгланмаслиги равшан. Эътиборни аҳволни яхшилаш учун зарур бўлган иқтисодий ресурсларга ва уларни ишга солишга қаратиш лозим. Бунинг учун бизга иқтисодиётни биладиган, чуқур билимли маҳаллий ёшларимиз сув ва ҳаводек зарур. Кучли иқтисодчилар молиявий асосимизни яратишга, режали ишлатишга
2
Мунавварқори Абдурашидхонов (1878, Тошкент – 23.04.1931, Москва) – улуғ маърифатпарвар, жадидлар ҳаракати етакчиси. ХХ аср янги усул миллий мактаби, театри ва матбуотининг ташкилотчиларидан бири, адиб, шоир, педагог ва сиёсий арбоб. Европа савдо саноати ва илм-фанига хайрихоҳ бўлиб, Туркистон минтақасининг ривожи учун билимли ёшлар кераклигини эрта англаган ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Мустамлака тузумига қарши изчил кураш олиб борган, бу йўлда қатор фирқа, жамият ва ташкилотларга раҳбарлик қилган. У 1929 йилнинг 6 ноябрида қамоққа олиниб, уч йиллик тергов ва сўроқлардан сўнг Москва шаҳридаги Бутирка қамоқхонасида қатл қилинган. Ҳозирда қабри Вагонкова қабристонида.