Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 9
«Садои Туркистон» миллатнинг юзага чиқишида миллий матбуотда жуда катта аҳамият беради. «Ёшларимизга миллий руҳ ва маданий тарбия бермак ёлғиз миллий матбуот таъсири илагина ҳосил бўла олур», деб ёзади газета юқорида кўрсатилган мақолада. «Садои Туркистон» миллий матбуот ва янги усулдаги мактаб яратишга ҳисса қўшишни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб қаради ва ҳар бир сонида у ёки бу тарзда бу масалаларга дахлдор чиқишлар қилиб турди.
«Садои Туркистон» ўз йўналиши ва мундарижа доирасини «Тошкандда ҳафтада икки мартаба чиқадирган фанний, иқтисодий, адабий ва ижтимоий миллий жарида» деб белгилади. Газета асос эътибори билан миллий уйғониш ғоясини илгари сурди. У тез орада публицистик йўналиши анча ўткир газетага айланди, унинг атрофига ўз даврининг илғор фикрловчи барча зиёлилари йиғилиб келдилар. Газетанинг мавзулар доираси анча кенг эди. У барча ҳаётий масалаларни кўтарар ва уларга маърифий нуқтаи назардан қарар, ёндашар ва баҳо берарди. Газетани ўз даврининг жуда илғор сиймоси, ҳуқуқий, фалсафий билимларни теран эгаллаган, дунёнинг оқу қорасини хўб таниган олим ва маърифатпарвар Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ташкил этган ва ўзи муҳаррирлик қиларди. Бу кўркам ва фасиҳ фикрли зотнинг бутун ўй-хаёли Туркистонни зиёли қилиш, уни қарамлик ва зулмдан қутқариш, эзилган бечора халқнинг аҳволини қандай бўлмасин енгиллатишга қаратилган эди.
Убайдулла Асадуллахўжаевнинг ҳаёти ва олиб борган фаолияти ўзи бир улуғ достон. Бул тариф зотни қарши билиш учун алоҳида асарлар ёзмоқ керак бўлади. У мустамлакачиликка кураш олиб борди ва охири шу мустамлака томонидан маҳв этилди. У озодлик йўлидаги ўз ишлари билан ҳақиқий миллий қаҳрамон унвонига сазовор зотлардан биридир.
Убайдулла Асадуллахўжаев газета воситаси билан эл ва халқини энг оғир забунликдан, унинг оғир кишанларидан – ғафлат ва жаҳолатдан қутқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У газетанинг маромномасини ёзди ва унга «Убайдулла» деб имзо чекди. Билмадим, олий таҳсилни Россияда олгани боисиданми, Зиё Саид «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар» мақоласида Убайдулла Асадуллахўжаев ҳақида «Бу киши мусулмонча ёзиш-ўқишни билмайди. Шунинг учун бош мақолани Мунаввар Қори ва Абдурауф Музаффаров деган бир татар ёзиб берар эди», деган маълумот беради. Улур зиёли хонадонида тарбия кўрган Убайдулла ҳақидаги бу гап қанчалар ҳақ экан, айтиш қийин. Лекин «Маромнома»нинг услуби билан «Убайдулла» деб имзо чекилган бошқа мақолаларнинг услуби ва фикрий йўналишини қиёслаганда, бундай ўткир ва оригинал фикр дунёси фақат Убайдулланинг ўзиники ва уни бошқа одам унга ҳар қанча бўлганда ҳам яратиб беролмайди, деган хулосага келиш мумкин. Шу маънода Зиё Саиднинг гапи «миллатчи»ни камситиш учун тўқилган «узун қулоқ» гапдан бошқа нарса эмас. Лекин бошқа бир жиҳатдан Зиё Саидга тан бериш керакки, у «Садои Туркистон» «миллатдан