Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мангу латофат: бадиалар - Иброҳим Ғафуров страница 8
Тадқиқотчи олим Бегали Қосимовнинг ёзишича, газета чиқа бошлаганидан бир йил кейинроқ 1884 йилда Туркистонда икки юз ўқувчига эга бўлган эди. «Таржумон»нинг барча маърифатпарварлик ва миллатпарварлик ғоялари Туркистон заминида ажиб бир тарзда акс садо топди. Тарих ва тараққиётнинг ўз-ўзига маълум сирли қонуниятлари ҳам бўлади, шекилли. Буни қарангизким, ўн тўққизинчи асрнинг охири, йигирманчи асрнинг арафасида «Таржумон» билан бирга Туркистон диёрида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳамза, Айний, Тавалло, Мунаввар Қори ва бошқа бир қанча кўзга кўринган маърифат фидойилари дунё юзини кўрдилар. Ғоя туғиларкан, унинг ижрочилари ҳам майдонга келмасдан қолмас экан. Шулар билан биргаликда ёки олдинма-кейин маърифатли миллат ва янги усул мактаблар ғояси юзага чиқди. Шу икки буюк ғояни қанот қилиб парвозга отланганларни жадид деб аташ расм бўлди. Аср бошларига келиб ана шу жадидлар йирик ва таъсирчан ижтимоий кучга айланиб улгурган эдилар.
Мустамлакачилик мафкураси қайси мамлакатда бўлмасин, маърифатпарвар «миллатчилар»ни омма кўз унгида аянчли қилиб кўрсатишга, унинг устидан кулиш, масхара қилиш, уни киноя ва истеҳзоларга кўмиб ташлашга турли йўллар билан ўриниб келган. Халқ ўртасида уларни обрўсизлантириш, ҳуқуқсиз, кулгили махлуқларга айлантириш учун ўз ихтиёридаги барча чораларни кўрган. Бу масхаралаш, айниқса, XX асрнинг йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларида авж олиб, ўз чўққисига кўтарилган эди.
Аср бошларида ва ундан кейинги ўн йилликларда ўзбек миллатпарварлари, маърифатпарварлари мустамлакачиликнинг шунга ўхшаш қаҳрли, таҳқирловчи барча кўргиликларини ўз бошларидан тўла кечирдилар. Не-не машаққатлар билан янги усулдаги мактаблар очдилар, театрулар бунёд этдилар, жаридалар ва мажаллалар чиқардилар, ижтимоий ҳаракатчанлик муҳитини яратиш учун турли хайрия ва эътиқодия жамиятлари туздилар. Шулар воситасида бутун куч-ғайратларини миллатни уйғотишгa сарф этдилар.
Бизнинг Туркистон диёри шароитида улар қандай бўлмасин, ҳатто истимлок маъмурияти билан келишган ва ҳамкорлик қилган ҳолда халқнинг онгини ёритиш, уни асрий жароҳатлардан халос қилиш учун жонларидан ҳам, молларидан ҳам кечдилар. Ажабмаски, оз вақт ичида улар ҳақиқий миллат қаҳрамонларига айландилар. «Миллат қаҳрамонлари» деган тушунчани биз энди-энди йигирманчи асрнинг охирига келиб, бу аср устидан баъзи хулосалар чиқараётиб ишлатмоқдамиз. Миллат қаҳрамонлари чин маънода миллатнинг ўзи билан бирга чиққан, миллатни ижтимоий ҳаракатга келтирган ва бу ҳаракатга маъно ҳамда мазмун бахш этган сиймолар эдилар. Беҳбудий, Авлоний, Қодирий, Ҳамза, Айний, Тавалло, Сўфизода, Убайдулла Асадуллахўжаев, Фитрат, Ажзий, Чўлпон, Мирмулла ва Мирмуҳсин