Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 33
– Мани инди бу жойга боғлаб қўёлмийсан, бачам. Отангни кўндирсаларинг, ҳар қайсингникида бир-бир меҳмон бўлиб, айланиб юраверамиз. Қолган умрни роҳатда ўтказсак, дейман.
– Бу – зўр гап, онажон, – Баҳриддин қувониб, онасини маъқуллаган. – Отамниям бирга олиб юрасиз.
– Отамни кўндириб бўпсан! – Ҳусниддин кулиб, қўшиб қўйган. – Отам гашт қилиб юрсалар, Карамгулни аҳволи нима кечади?
Ҳаммалари кулиб юбордилар. Онаизор маъюслашиб, хўрсиндию:
– Фазлигинам, пешонанг мунча шўр бўлмаса, – дея эшитилар-эшитилмас пичирлаб қўяди. – Хай майли, Карамгулгаям Худо ақл берар…
– Қўйинглар, ўшани гапирманглар! – Шавқиддин қўлини пахса қилиб, шовқинлади. – Ундан бошқа дардимиз йўқми?
– Ҳақ гап айтилди-да, дадаси…
– Йўқ, керак эмас. Отам нима қилишларини ўзлари биладилар. Биза онамни ўйлайлик…
Дарҳақиқат, шу суҳбатдан сўнг икки–уч кун ўтиб, ака-укалар бирлашган ҳолда санаторий–шифохонага йўлланма топдилар, волидаи муҳтарамалари соғлиғини мустаҳкамлаш йўлидан бордилар. Аммо бу ҳаракат, Баҳриддиннинг ўйлашича, аксинча натижа берди, отасининг фикрича, эъзоз-эъзоз Худога хуш келмади. Ҳамма нарсанинг меъёри бор. Ҳар қанча авайлаб-асрама, кун битгандан кейин ҳеч ким восита бўлолмайди.
Яқиндагина бўлиб ўтган бу гапларни эсларкан, Шавқиддин яна кўкрагига муштлади:
– Меҳрибонимдан айрилдим. Сизнинг насиҳатларизни энди қаердан топаман, онажоон?
Бу сўзлар сингилларни хуружга келтирди–ҳовлидаги йиғи-сиғилар гўё оламни ларзага келтирди. Бу пайтда кун эндигина ёйила бошлаган, унинг сарғимтир нурлари бўлиниб-бўлиниб, дардчил кўзлардан томаётган томчилар каби сочилиб, сачраб-гўё заҳарга айланиб, вужудларни оғулантирарди. Офтоб кўтарилган сайин оғули зарбаси ҳам кучайгандан кучайиб, фарёдлар юқори чўққиларга кўтарилар, фарёдларга янги-янги овозлар қўшилар, одамлар сафлари ҳам тобора кўпайиб борар эди.
Бу ҳол, айниқса, марҳуманинг жияни дарвозага яқинлашганда янада бошқача тус олди. Кеча у холаси сал соғая бошлаганидан сўнг кўнгли хотиржам тортиб кетган, орадан уч-тўрт соат ўтганида, ўз уйида мириқиб, хуррак тортаётган лаҳзада симдан борган шум хабар унинг бутун дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборган, қари онасини учраган машинага ўтқазганча йўлга тушган эди.
Жиян кўкрагига муштлаганча дод солиб, дарвозадан кириши билан гўё кул боса бошлаган чўғларни шамол елпидию кичик гулхан кучли аланга тусини олди. Йўғон ҳамда баланд овозга минғирлаган, ҳолдан тойган товушлар ҳам кучайган ҳолда қўшилиб, бутун ҳовлини ларзага келтирди. Бунга чидаш маҳол эди. Хусусан, аёллар, қизлар тўпи ниҳоятда аянчли тусга кирди. Ҳусния билан Ҳилола бир неча бор ҳушдан кетиб, ёрдамга муҳтожлик сезишди. Носир дўхтир юборган ҳамшира валекардин бериб, уларни тинчлантиришга уринди. Лекин, барибир, ҳеч кимни йиғидан тўхтатиб бўлмади. Роҳиланинг товуши аллақачон бўғилиб, сал нарига ҳам эшитилмай қолган, баланд овозлар пардаси остида ўзини ҳар ёнга ташлаб, сассиз типирчилаётгандай кўринарди. Анча бақувват,