.
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу - страница 19

Бу хабарни газетада ўқиб: “Инглизлар адибимиз Шукур Холмирзаевнинг овчи ити ҳақидаги ҳикоясини ўқиганларида бу қонунларини олтмишинчи йиллардаёқ қабул қилишармиди”, – деган ҳазилнамо хаёлга бордим. Шукур аканинг бу ҳикояларини ёш йигит чоғимда ўқиб ғоят таъсирлаган эдим. Мазмуни ҳалигача ёдимда…
Ўзини олий ирқ сановчи инглизларга тушуна олмайман. Итларга жон куйдирадилар, яқинда бойларнинг ов чоғи итлардан фойдаланишларини ман этувчи қонун қабул қилдилар. Мушукларга ачинадилар…
Яқинда Англия жамоатчилиги ғазабланди: бир аёл қўшнисининг мушугини ахлат қутисига ташлаб юборибди! “Қандай бераҳмлик!” – деб айюҳаннос солдилар. Ҳолбуки, инглиз аскарлари Ироқда, Афғонистонда мингларча бегуноҳларнинг қонларини тўкди. Ҳимоясиз хотинлар ўлдирил-япти, норасидалар ўлдириляпти, қариялар ўлдириляпти… Бу фақат йигирма биринчи асрнинг манзараси эмас, юз йиллар мобайнида шундай бўлиб келган. Ўтган асрнинг биринчи ярмида “исёнчи” деб қирган эдилар. Энди улар анча “маданий” бўлиб қолишган. Энди “террорчи” деган тамға билан аёвсиз ўлдирилаётган кезларда бир мушукни ахлат қутисига ташлаб юборган хотиннинг бераҳмликда айбланиши ғоят ажабланарли!
Ҳовлига кўчиб келганимизда ҳам дайди итни олиб келиб боқдим. Товуқлардан бирини еб қўйган экан, аяжоним ғазабланиб шу қадар урдилар-ки, бечора акиллай-акиллай жонҳолатда арқонни узиб қочиб кетди-ю, қайтмади. Унга ҳам ачинаман… Ажабки, ўзим итдан жуда қўрқаман, лекин уйда боққим келаверади. Ити бор қўшниларникига чиқишдан қўрқардим, айниқса, кечки пайт маҳалла итларига “озодлик” берилиб “итлар базми” бошлангач, кўчага чиқмас эдим. Бир қўшнимизнинг ити тўпиғимни тишлаб олгач, бу қўрқув янада ошган. Етмишинчи йилларнинг охирроғида Аҳмаджон исмли синфдош дўстим мени ит уриштириш маросимига олиб борди. Қиш пайти эди. Бир-бирини ғажиган итларнинг яраси қуртлаб кетмасин, тезроқ битсин, деб совуқда уриштиришарди. Итбозлар жониворларни йил бўйи боқиб, бундай жангларга тайёрлашарди. Ит уриштириш шунчаки томоша эмас, пул тикиларди, яъни қиморнинг бир тури эди. Шаҳар четидаги майдон сайил кўринишини олганди. Ошпазлар, сомсапазлар, кабобпазларнинг бозори чаққон. Шаҳар дўконларида топилмайдиган ароқ-виноларни икки-уч баравар қиммат нархда сотиб олиб, тик турганча ичадилар. Ит уриштириш бошланмай туриб, баъзилар шу зайлда итдан баттар кўринишга кирадилар. Хўроз, бедана, қўчқор уриштиришлар ҳам очиқчасига авжга чиқди. Ит уриштиришга ижозат йўқ, лекин турли тадбирларда хўроз, қўчқор уриштиришлар телевидение орқали ҳам кўрсатилади. Бу қадрият эмас, бу жоҳиллик, янада аниқ айтсак, ваҳшийликдир. Мен бир-бирининг жағини ғажиб ташлаётган, қулоғини узиб олаётган, кекирдагини чайнаган… қонга беланган итларни кўриб, кўнглим беҳузур бўлди. Бу томоша