Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (1 китоб) - Тохир Хабилов страница 10

Жанр:
Серия:
Издательство:
Ҳаёт қайиғи (1 китоб) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

атеистик ғояга юқори баҳо беришган. Яъни, асар атеистик руҳда ёзилгани мақталган. Мен ҳам ҳикоя атеистик руҳда ёзилган, деяпман, фақат мақташ ўрнига танқид қиляпман. Мен фақат бир нарсани ҳисобга олмаганман: большевиклар жамияти йўқ бўлгани билан уларнинг ғоялари ҳали тирик экан. Шайтон бор экан, атеистлар ҳам бўлади, шуни унутмаслигим керак эди.

      Узр, мақсаддан сал узоқлашдим. Дастлаб “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деб номлаганим бу асарни ёза бошлашдан муддао ҳаётим мобайнида кўрган кечирганларимни фалсафий йўналишда баён этиш эди. Менинг ҳаётим тенгдошларимникидан фарқ қилмайди. Бугунги ёшларни ҳайратга соладиган воқеалар ҳам йўқ. Шу боис қуруқ баён қилмай, воқеаларнинг фалсафий таҳлили ва талқини услубини танлаган эдим. Назаримда, ўлим олдидаги ўйлар ўқувчини ўзига тортиши мумкиндай туюлганди. Ёзишдан тўхтаб қолишимнинг сабаби: фалсафий йўналишда юришга фикр қуввати етишмаслигини ўзим сездим. Иккинчи сабаб: ҳадеб ўлим атрофида сўз айтавериш ёқимсиз услуб бўлиб кўринди. Тўғри, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлимни ўйлаб юриш, ўлимга тайёргарлик кўриш ҳақида гапирганлар. Лекин бу “оҳ, эртага ўлар эканман”, деб ташвиш чекишни билдирмайди. Балки, “Ҳамонки ўлим бор экан, кўпроқ яхшилик қилишим керак, савоб топишим зарур, ўзимни жаннатга тайёрлашим керак”, деган маънони англатади. Худди Фаридуддин Аттор баён қилган бу ҳикмат каби:

      Бир мамлакатда подшоҳ роппа-роса ўн йилдан кейин тахтдан тушириларкан. Сўнг қайиққа ўтқазиб уни кимсасиз оролга ташлаб келишаркан. Навбатдаги подшоҳ тахтга ўтиргач, у маъюсланиб вазирига дебдики:

      – Наҳот менинг ҳам қисматим шу бўлса? Наҳот мен ҳам кимсасиз оролнинг чўлу биёбонида жазирама азобларида яшашга ҳукм этилсам?

      Доно вазир шундай маслаҳат берибди:

      – Муҳтарам шоҳим, сиз кимсасиз оролда яшашни истамасангиз, шоҳлик даврини беҳуда айш-ишратлар билан совурмай, умрингизни ва мол-давлатингизни ўша оролни обод қилишга сарф этинг.

      Подшоҳ мулоҳаза қилиб кўрсаки, вазир ҳақ экан…

      Мазкур ривоятни шарҳлашга уриниб кўрамиз: подшоҳ – шахснинг ўзи. Яъни ҳар бир одам ўзи учун ўзи шоҳдир. Ақли ва иймони унинг вазиридир. Ақл ва иймон худди эгизак сингари ҳамиша биргадир. Ақл йўқ жойда иймонни изламанг, иймон йўқ ерда ақлни қидирманг. Демак, ақлимиз ва иймонимиз бизга доно маслаҳатчидир. Кема – тобут. Одамнинг қисмати шу – бир кунмас бир кун ўз тахтидан тушади, ўша кема – тобутга солиб олиб борадилар. Кимсасиз орол – йўқлик дунёси, биз борадиган жой. Бошқача айтганда, охират ороли. Агар биз бу дунёйимизни ҳою ҳавасларга совурсак, ўша орол чиндан ҳам кимсасиз бўлади, чиндан ҳам чўлу биёбондан иборат бўлади. Агар Ҳақ йўлидан юриб, яхши ишлар билан банд бўлсак, ўша кимсасиз оролни обод қилган бўламиз. Борар жойимиз саҳро – дўзах азоблари эмас, жаннат боғлари бўлади, инша Аллоҳ! “Охиратинг обод бўлсин!” деб дуо қилишганда шу назарда тутилса керак.

Скачать книгу