АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (III жилд) - Сирожиддин Саййид страница 36
Етти еттига етди.
Фалак, қил қабул энди,
Умр яшаб бўлинди.
Дарду ғамдан иборат
Емрилди бу иморат.
Дарз кетганим билинди –
Умр яшаб бўлинди.
Икки аср – бир ҳаёт,
Сабру бардошу сабот
Тенг иккига бўлинди,
Умр яшаб бўлинди.
Дўконингдан, ё Раббим,
Энди қолмади ҳаққим.
Бор тўловлар тўланди,
Умр яшаб бўлинди.
ИНТИЗОРЛИК
(Андрей Вознесенскийдан)
Ўн йил ўтиб кетди интизорликда,
Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.
Етиб келмоғинг-чун етарми кучинг?
Йўлинг ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада қолдирдим ёқиб.
Йигирма йил ўтди интизорликда,
Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.
Дунё разолатин енггайдир кучинг.
Жангда сенга ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада қолдиргум ёқиб.
Ўттиз йилим ўтди интизорликда,
Сен йўлда. Сен менга тобора яқин.
Мен адо бўламан, кетгайман ўчиб.
Менсиз сенга ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада қолдирдим ёқиб.
ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ
Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси – севинчу,
Бир томчиси – оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг – дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор.
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган
Ўз юртига сағирдир.
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир, селу жалангни.
Этагингда ўстирдинг
Шунча қизу болангни.
Тўйларига Темурдек
Султонларни чақиртир,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
Нонуштанг – гоҳи юлдуз,
Ой бўлди нону ошинг.
Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
Кишнаб юрган тойлар ҳам
От бўлгай, саман бўлгай.
Элим деган элдошлар
Бир жону бир тан бўлгай.
Гул бўлгай, чаман бўлгай,
Бул Ватан Ватан бўлгай.
Эзгуликда ўтмаса
Тақдирлар ҳам тахирдир,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу – қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сен-чун асли юрт – шараф.
Ким