АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (III жилд) - Сирожиддин Саййид страница 38
АЖДОД ВА АВЛОД
Осмонлар бекорга айламас туғён,
Чақинлар ярқираб қарс-қарс яралгай.
Бани башар учун бир буюк султон
Мисоли мангулик бир дарс яралгай.
Қодир Оллоҳдандир ҳар хору ҳар хас,
Ким боқий, ким эса абас яралгай.
Энг юксак онларда одамзот эмас,
Гўё янги Само ҳам Арз8 яралгай.
Лак-лак инсонларнинг уйидир очун,
Юз мардга гоҳ юз минг нокас яралгай.
Дунёда абадий қондошлик учун
Улуғ кунларда бир Ёфас9 яралгай.
Мўъжаз қай дил аро лаҳзада гоҳо
Юз минг оҳу нола ҳам арз10 яралгай.
Бир кўнгил дафъатан синса мабодо
Бутун оламга ҳам зўр дарз яралгай.
Темурхон наслидин султон Улуғбек –
Навоийдан ўлмас сўз – сас яралгай.
Борми шаъну шавкат, довруқ бунингдек?
Қиёматга қадар шул баҳс яралгай.
…Дунёга келмишдир ҳазрати Бобур,
Даҳолар ҳам қарзу ҳам фарз яралгай.
Шерларнинг зурёди фақат шер бўлур,
Йўлбарс авлодидан йўлбарс яралгай.
“БОБУРНОМА”
Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.
Ҳар ким бу “Вақойиъ”11ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.
Ҳар вақтки, кўргасен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб, соғинғасен ўзумни.
“Бу битилганлардин ғараз шикоят эмас, рост ҳикояттурким, битибтурмен. Бу мастур бўлғонлардин мақсуд ўзнинг таърифи эмас, баёни воқии бу эдиким, таҳрир этибтурмен. Чун бу тарихда андоқ илтизом12 қилилибтурким, ҳар сўзнинг ростини битилгай ва ҳар ишнинг баёни воқиини таҳрир этилгай. Ложарам13 ота-оғадин (ини-оғадин) ҳар яхшилиқ ва ёмонлиғким шойиъ эди, тақрир қилдим ва қариндош ва бегонадин ҳар айб ва ҳунарким баёни воқиъ эди, таҳрир айладим. Ўқуғувчи маъзур тутсун, эшитгувчи таарруз14 мақомидин ўтсин”.
“Бобурнома”,
“Бобурнома” –
Шоҳ шоирдан авлодларга
Мангу ўлмас
Қадрнома.
Бунда кўнгил лоласидир,
Бунда умр ноласидир,
Дарду ғам мақоласидир,
Ҳар бир нома –
Тақдирнома.
Неча бир ҳукмронлардан,
Амирлардан, хоқонлардан,
Давлатлару давронлардан
На ном қолди,
8
Арз, арзу само (араб.) – Ер, Ер ва осмон.
9
Ёфас – Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли. Тарихий манбаларда туркий қавмлар Ёфаснинг фарзандлари сифатида зикр этилади.
10
Арз (араб.) – баён, маълумот. Бу ўринда зорланиш, шикоят маъносида.
11
“Вақойиъ” (араб.) – воқеалар. “Бобурнома”нинг асл номи.
12
Илтизом (араб.) – мажбурият, лозим топмоқ.
13
Ложарам (араб.) – шубҳасиз, ноилож, шунинг учун.
14
Таарруз (араб.) – қаршилик кўрсатиш. Бу ўринда эътироз.