Келин бўлиш сирлари. Рахима Шомансурова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Келин бўлиш сирлари - Рахима Шомансурова страница 8
– Фақат бизни уришасизми? Мана бу хотинлар ҳам биз билан баробар катайса қилиб юришибди. Йўл ҳақини двойной олинг улардан ҳам! – деди уларнинг бири ҳайдовчига олдинда ўтирган аёлларни кўрсатиб.
Ерга қараб жим келаётган аёлларнинг бири тилга кирди:
– Сизни келин қилмоқчи эдим… Кеча уйингизга совчиликка бориб, онангиз билан танишдим. Бугун ўғлимдан қаерда ўқишингизни билиб, кўчада, ўқишда қандай экансиз, ўғлим янглишмаяптими, деб ортингиздан кузатиб келаётган эдим…
– Вой, Зебош, шунақа эскишаҳаровский простой хотинларга келин бўласанми? – Узун, аммо икки ёни баланд қирқилган кўйлак кийган қиз, аёл мурожаат этган қизнинг елкасига бир туртиб хахолаб куларди.
Автобус тўхташи билан қизлар сакраб тушиб кетишди.
– Зебош, қайнанашкангга «бай-бай» де! – ҳамон куларди бояги қиз.
– Бир пас жимгин! – шим кийган қиз аёлнинг гапидан тош қотган эди.
– Вой, опаей, сизни худо асради! Ҳозирги қизлар жуда ўзгариб кетган… Шуларнинг бири уйингизга келин бўлиб қолса борми? Зебо эмас, Офат-а, Офат!
Иккинчи аёл секин гапираётган бўлса-да унинг сўзларини ҳам ҳамма эшитиб турарди.
Қизларнинг иккитаси автобусдан тушгач, билим юрти томон кулишиб, жадал юриб кетишди. Фақат ҳалиги, аёл мурожаат қилган қизгина автобусдан тушган ерига михлангандек, дугоналари кетидан юришини ҳам, автобусга чиқиб аёлларга бир нима дейишини ҳам билмай тик қотиб қолган эди. У кўзини ердан узмасди. Айни пайтда дугоналари унинг қолиб кетганини пайқашмади ҳам.
Ана шу жимжитликда мўйсафиднинг ранжиган сўзлари яққол эшитилди:
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз. Ҳозирги кўп қизларимизнинг суврати гўзалдек кўрингани билан сийрати мана шунақа – мажруҳ!
Орага оғир сукунат чўкди.
Одатда, автобус охирги бекатда узоқ туради. Ниҳоят у силжиди. Автобус бурилаётганида аёл секин орқага қаради. Қиз ҳамон жойида қотиб турарди…
У ҳали жуда ниҳол эди… Унинг жойида қотиб қолгани, ниҳоллиги дилимга умид бериб, беихтиёр унинг олдига қайтиб, қулоғига аста шивирлагим келди. Уни сиз ҳам эшитинг:
Оҳ, қизгинам-а! Мана ҳаётдаги биринчи зарбани ҳам олдингиз… Илоҳим бу охиргиси бўлсин. Бу асосан ўзингизга боғлиқ.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, ҳамма нарсага тез бериласиз. Ҳозир кийимингиз туфайли жуда оғир гапни эшитдингиз. Эҳтимол, бу кийимни сиз кўркўрона дугоналарингизга эргашиб кийгандирсиз. Шунинг учун берилган баҳо ҳам умумий бўлди. Ҳозир шундай ёшдасизки, кўзгу қаршисида узоқ-узоқ туриб қоласиз. Хонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда унга умидвор тикилиб, гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Қани энди кўзгуга жон кирса-ю ўз тили билан сизга баҳо бериб деса: «Нақадар гўзалсан! Нақадар чиройлисан!» Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам, кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват