Скачать книгу
чиқдим. На салом, на алик бор, қария «Нега манави дранталетингни менинг зардолимнинг остига қўясан!» дея ўшқириб кетди. Жанжал чиқармаслик учун қарияни жаҳл отидан туширишга, муомала билан гапиришга ҳаракат қилдим. Қўшни баттар асаби қўзиб, «Шалдироқ аравангни ол бу ердан», деб оёқ тираб туриб олди. «Ҳой бандаи-мўмин, қанақа одамсиз, мошинам сизга нима ҳалақит қиляпти, дарахтингизни еб қўядими?» десам, «Ҳа, еб қўяди, мошинангнинг моторидан чиқиб турган иссиқлик, дарахтнинг баргини қуритиб ташлайди, керак бўлса, ўзинг кўчат экиб, парваришлаб, мошинангни ўшанинг соясига қўявер», деб бақириб, «Матиз»ни оёғи билан тепишга тушди. Меникиям тутиб кетди. Ўдағайлаб, олдига бордим. Қўл кўтарсам балога қолишимни ўйлаб, шайтонга ҳай бердим. Қўлидан тортиб, мошинадан узоқлаштирмоқчи бўлдим. У бор кучи билан чираниб, қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди. Кутилмаганда қўлимдан сирғалиб чиқиб, оёғи чалишиб, юз тубан ерга йиқилиб тушди. Турғизишга ҳаракат қилиб, дастимни чўзсам, қўлимга тепиб ташлади. Шанғиллаб, оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлаб, сўкиниб кетди. Ғала-ғовурни эшитиб, Тахмина уйдан чиқиб, бобосига ёрдам беришга шошилди. Милиция чақиришди. Йиқилганда тирсаги шилиниб кетган экан. Чоли тушмагур имонини ютиб, мени уриб йиқитди, деб туриб олди. Набираси қурғур ҳам унинг гапини тасдиқлади. Иш судга ошди. Суд ҳақиқатни аниқлаб, адолат қилса керак, деб ўйлагандим. Қайда дейсиз, баджаҳл судья мени эшитиб ҳам ўтирмади. «Отанг тенги кекса одамга қўл кўтаришга уялмайсанми?» деб дағдаға қилиб, ўн кун қамоқ жазосига ҳукм қилди. Йўқ жойдан, айбсиз айбдор бўлиб, қамалиб қолганим, эл олдида шарманда бўлганим роса алам қилди. Ўшанда ҳали бу ҳолва эканлиги, шу воқеа сабаб пешонамга бундан-да, оғир кўргиликлар тушиши хаёлимга ҳам келмаганди…
Худоёр бир муддат жимиб қолди. Ўпкаси тўлиб, кўзлари намланди. Терговчилар йигитнинг сал «совиб», ўзига келишини ўйлаб, бир муддат кутиб турдилар.
– Қамоқдан чиққач, Илёс бобонинг уйига бориб, «Сен сассиқ чол энди мендан кўрадиганингни кўрасан, терингга сомон тиқаман, шу уйдан ўлигинг чиқмаса, отимни бошқа қўяман!» деб айтганингиз ростми? – Санжарбек сўроқни давом эттирди.
– Рост, тонмайман, – Худоёрнинг қошлари чимирилди, – туҳмат билан қаматиб юборди, ўн кун бургага таланиб, захда ётдим… Одамга алам қиларкан!
– Ўшанда шунчаки, пўписа қилганмидингиз ёки чиндан ҳам, қарияни ўлдиришни режалаштирганмидингиз? – Жўрабой гуруҳ раҳбарига «Мумкинми?» деган маънода бир қараб, савол берди.
– Ие, нима деяпсиз, одам ўлдириш осон бўптими? Бир пўписа қилиб, юрагига ваҳима солиб қўймоқчи эдим… Моғор босган кўнглини жароҳатлаб, аламимни олишни ўйлагандим… Иш бунақа чаппа айланиб кетишини билганимда бу номаъқулчиликни қилармидим!
– Қотиллик содир бўлган тунда қаерда эдингиз? – гуруҳ раҳбари навбатдаги саволни берди.
– Қаерда бўлардим, уйда эдим, – айбланувчининг юзи тундлашди, – юз марта сўрадинглар, юз марта айтдим.
Скачать книгу