Қадр кечасидаги қотиллик. Комил Ойдинович Синдаров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қадр кечасидаги қотиллик - Комил Ойдинович Синдаров страница 11
– Худоёрнинг момонгиз билан муносабати қанақа эди?
– Аям беғубор инсон эдилар, – қизнинг кўзлари намланди, – биров билан иши йўқ, ҳамма билан яхши гаплашарди. Худоёр амаки билан ҳам муносабати ёмон эмасди… Лекин бобомга қўл кўтаргандан кейин аям уни ёмон кўриб қолганди. Олдида «ҳа-ҳа» деб тургани билан ортида қарғаб юрарди, «Ичи қора, писмиқ» дерди…
– Айтинг-чи, бобонгизнинг, аянгизнинг ўлимида бирор кишидан гумонингиз борми? – Санжарбек қизнинг фикрини билишга қизиқди.
– Билмадим, шу Ҳудоёр амакидан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин…
– Бобонгизнинг Худоёрдан бошқа бирортаси билан жанжаллашиб юрганини кўрганмисиз? – терговчи навбатдаги саволни берди.
– Яна битта одам уйга келганди, – ўйланиб жавоб берди қиз, – ҳовлида бироз гаплашиб тургач, бақирчақир бўп кетди. Лекин у одамни олдин кўрмаганман, танимадим.
– Улар нима хусусида тортишиб қолишди?
– Сўзининг авзойидан пул олди-берди масаласида жанжал қилишди-ёв… яна билмадим…
– Шифохонага – аянгизнинг олдига сиз ва аммангиздан бошқа тағин кимлар ҳол сўрашга борган?
– Бошқа ким ҳам борарди… Асосан бобом, аммам ва мен алмашиб қатнардик.
– Бобонгиз вафот этган куни аянгиз сизни ёнига чақиртирган экан, тўғрими?
– Ҳа, аммамдан тайинлаб юборган экан.
– Нима масалада? Сизга бирор нарса тайинладими?
– Аммамдан уйга босқинчилар тушгани, бобомни ўлдиришганини эшитиб, мендан хавотир олган экан. Шунинг учун ўзимни кўрмоқчи бўлибди. «Худога шукр, сенга зиён етмапти», деб роса йиғлади. Бобом учун роса куюнди. Ҳозирча сенга амманг қараб туради, шифохонадан эсон-омон чиқсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб кўнглимни кўтарди.
Терговчилар яна бир қанча саволлар бериб, айрим масалаларни ойдинлаштиргач, гувоҳга рухсат беришди.
Хонада ёлғиз қолишгач, гуруҳ аъзолари тассуротлари билан ўртоқлашишга тушдилар:
– Санжар ака, – ичи қизиб турган экан шекилли, «профессор» фикр билдирди, – сизларни билмадим-у, аммо менга бу қизнинг гаплари носамимийдай туюлди. Ўзини сипойи тутгани билан, кўзи ўйнаб турибди, ҳечам яқинларидан жудо бўлган одамга ўхшамайди, Ўзича Худоёрга лой чаплашга уриндими-ей.
– Тўғри, ҳозирги ёшларнинг дунёқараши сал бошқачароқ, – изоҳ берди гуруҳ раҳбари, – улар ҳар бир нарсани бўрттириб, шишириб кўрсатишга уринишади. Ўзларининг шахсий фикрларини устун билиб, ўтказишга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан қиз кўрган-билганларини