Қадр кечасидаги қотиллик. Комил Ойдинович Синдаров

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Қадр кечасидаги қотиллик - Комил Ойдинович Синдаров страница 8

Қадр кечасидаги қотиллик - Комил Ойдинович Синдаров

Скачать книгу

режасини очиқлашга тушди. – Мен бир-икки кун Худоёр билан боғлиқ ишларни охирига етказишга ҳаракат қиламан. Унинг айбсизлиги ишончли далиллар билан исботланмас экан, ҳеч ким бизга уни қамоқдан бўшатишга изн беролмайди. Сизу бизнинг ички ишончимиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Акс ҳолда, ҳақиқий қотиллар топилгунга қадар Худоёрни қамоқда сақлашга мажбур бўламиз. Биласиз, айбсиз шахснинг бир кун қамоқда ўтириши кечириб бўлмас гуноҳи азим ҳисобланади. Шу билан бирга, барча эҳтимолий тахминларни янгидан шакллантириб, уларнинг ҳар бири устида ишни жадаллаштиришимиз лозим. Ҳеч бир жиноят изсиз бўлмайди. Гап уни топа билишда. Худойбердижон, – деди гуруҳ раҳбари терговчига нигоҳини қадаб, – сиз мени жиноят тафсилотлари билан тўла таништиргач, бор кучни мавжуд тахминлар устида ишлашга ташлайсиз. Жўрабой, тезкор ходимлар сизнинг ихтиёрингизда бўлади.

      – Тушунарли! – дадил жавоб қилди терговчи.

      Шундан сўнг гуруҳ аъзолари, шаҳар ички ишлар бўлими тезкор вакиллари – Абдуғани Абдураҳмонов ва Фозил Темуровларнинг жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тезкор-қидирув ҳаракатларининг аҳволи ҳақидаги ахбороти эшитилди. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўртасида вазифалар тақсимланиб, яқин бир ҳафта ичида қилинадиган тадбирлар режаси тузилди…

* * *

      Куннинг иккинчи ярмида тергов гуруҳи воқеа жойини кўздан кечириш, ўша кунги даҳшатли ҳодисаларни хаёлида жонлантириш мақсадида марҳум яшаган хонадонга жўнади.

      – Етиб келдик, бобой шу уйда яшаган, – Худойберди мошинасини бир қаватли, чоғроққина ҳовлининг дарвозаси олдида тўхтатди, – мана бу ҳовли Худоёр Азимовга тегишли, – деди у қўли билан чап томондаги уйга ишора қилиб. – Ён қўшни – жон қўшни деганларидай…

      Йигитлардан бири эшик қўнғироғини босди. Бир оз ўтиб, эшикни бошдан-оёқ мотам либосидаги аёл очди. Абдуғани ташрифи мақсадини айтиб, меҳмонларни таништирди ва ичкарига киришга изн сўради. Аёл «Яна сенларга нима керак?» дегандай оғриниб, меҳмонларни ичкарига бошлади. Уй унча катта бўлмаса-да, шинам, озода ва тартибли эканлиги хонадон соҳибининг анчагина нозиктаъб бўлганлигини англатарди. Бир текис ишлов берилган катта-кичик мевали ва манзарали дарахтлар ҳовлига ўзгача кўрк ва фусун бағишлаб турарди.

      – Ўнг ва тўр тараф қўшниларга туташ, – қўли билан кўрсатиб, таништиришга тушди Худойберди, – чап томонда кўча. Қотиллар мана бу ердан ошиб ўтган бўлиши мумкин, – деди у деворнинг ёзги ошхонага улашган қисмига ишора қилиб. – Деворнинг орқа ва олд томонида тирналган, чизилган излар қолган. Менимча, бир киши девордан ошиб тушиб, дарвозани очган ва шеригини ичкарига киритган. Қайтишда бемалол дарвоза орқали чиқиб кетган.

      – Деворда соч толаси, ДНК намунаси, пойабзал излари, қўл-бармоқ излари, микрозаррачалар сақланиб қолмаган эканми?

      – Йўқ, экспертлар деворнинг ҳамма жойини кўздан кечиришди, яроқли излар, микрозаррачалар топилмади.

      – Яхши, ичкарига кирамиз.

      Йигитлар унча баланд бўлмаган зинапоядан кўтарилиб, уй ичига киришди.

Скачать книгу