Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 23
4-боб. Atari ва Ҳиндистон. Дзен ва ўйинлар дизайни
Atari
Ридда бир ярим йил ўқиб, 1974 йилнинг февралида Жобс ота-онасининг олдига, Лос-Альтосга қайтиб ишга киришга қарор қилди. Узоқ иш қидиргани йўқ. 70-йилларда техника мутахассисларига талаб авжида эди: San Jose Mercury газетасида бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонлар олтмиш бетни эгалларди. Шундай эълонлардан бири Жобснинг диққатини тортди. Унда “Осон ва вақтичоғлик билан пул топинг” деб ёзилганди. Шу куннинг ўзида Стив видеоўйинлар ишлаб чиқарадиган Atari компаниясига борди ва улар уни ишга олмагунига қадар у ҳеч қаерга кетмаслигини ходимлар бўйича директорга айтди (уни эса шундоқ ҳам даъвогарнинг тўзиган сочи ва қўпол ташқи кўриниши довдиратиб қўйганди).
Atari’да эса у вақт ҳаёт қайнарди. Компания асосчиси – тўладан келган, жозибали, башорат қилиб туриш одатига ва бироз қаллоблик хислатларига эга Нолан Бушнелл Жобс тақлид қилмоқчи бўлган навбатдаги тимсол эди. Бушнелл бойиб кетгач, “роллс-ройс”да юришни, гиёҳ истеъмол қилишни ва иссиқ ваннада ўтириб, мажлис ўтказишни яхши кўрарди. Унинг таровати шу қадар кучли эдики, у қийинчиликсиз бошқаларни ўзига бўйсундирарди (буни Фридланд ҳам қойил-мақом қилиб бажарарди ва кейинчалик Жобс ҳам буни ўрганиб олди): у бировни ўзига оғдириб оларди, кўндирарди, фактларни бўрттириб кўрсата оларди, керак бўлса, дўқ-пўписа қиларди. Хушчақчақ азамат Эл Элкорн унинг қўлида бош муҳандис бўлиб ишларди. У хўжайинига қараганда бироз эҳтиёткор ва мулоҳазали эди. Кўпинча унга Ноланни осмондан ерга тушириш ва унинг чексиз тасаввурини жиловлашга тўғри келарди.
1972 йили Бушнелл Элкорнга Pong номли видеоўйинни автоматларга мослаштириш вазифасини юклайди. Бу ўйинда икки ўйинчи эшкакка ўхшаш ҳаракатланиб турадиган иккита чизиқ ёрдамида экрандаги нишонга зарба беради (агар қирққа кирмаган бўлсангиз, ота-онангиздан сўранг). Элкорн бор-йўғи 500 доллар сарфлаб, автомат ясади; автомат Саннивейл шаҳрининг Камино-Реал йўлидаги барга ўрнатилди. Бир неча кун ўтиб, Бушнелга қўнғироқ қилишиб, автомат ишламаётганидан шикоят қилишди. У Элкорнни муаммони ҳал қилиш учун юборди: маълум бўлишича, машина майда пулга тўлиб кетган экан. Atari мўмай пул ишлаб олди.
Жобс Atari’нинг қабулхонасига иш излаб шиппакда қадам ранжида қилган вақт бошқалар қатори Элкорнга ҳам қўнғироқ қилишди. “Менга шундай дейишди: “Бизга қандайдир бир хиппи келиб, уни ишга олмагунимизгача ҳеч қаерга кетмаслигини айтиб пўписа қиляпти. Полицияни чақирайликми ёки уни хонангизга киритайликми?”. Мен шундай жавоб бердим: “Албатта киритинг!”. Шу тариқа Жобс