Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 24
Ҳамкасбларининг ҳаммаси ҳам Жобсдан ўзини олиб қочмасди. У Рон Уэйн исмли конструктор билан дўстлашиб қолди. У Atari’гача ўйин автоматлари ишлаб чиқарган ўзининг муҳандислик-техник компаниясини бошқарганди. Фирма охир-оқибат касод бўлганди. Ўз компаниясига асос солиш мумкинлиги ҳақидаги ўй Стивни ҳаяжонга келтирди. “Рон ажойиб эди. Унинг ўз фирмаси бўлганди. Мен олдин бундай инсонларни ҳеч учратмагандим”, – дейди Жобс. У Уэйнга ўйин автоматларини ўйлаб топадиган ва тайёрлайдиган ўз корхонасини очишни таклиф қилди; 50 минг доллар кредит олишини айтди. Лекин Рон бир марта хонавайрон бўлганди, шу сабабли рад этди. “Мен бу 50 мингни йўқотишнинг энг оддий усули деб жавоб бердим, – деб хотирлайди Уэйн. – Лекин Стив ўз бизнесини бошлаш ғояси билан ёнгани менга ёққанди”.
Бир куни Жобс Уэйннинг уйига меҳмонга келди; одатдагидек, улар фалсафий суҳбат қуришди, бирдан Рон Стивга бир нарсага иқрор бўлмоқчи эканини айтди. “Гап нимада эканини билгандекман. Сенга эркаклар ёқади”, – деб жавоб берди шунда Жобс. Уэйн маъқуллаб бош силкиб қўйди. “Танишларим орасида Рон биринчи бўлиб ўзининг гей эканини айтган. У менга ҳаммасини ўзи тушунтириб берди”, – деб эслайди Жобс. Стив дўстидан “Чиройли аёлга кўзинг тушса, нимани ҳис қиласан?” деб сўради. Уэйн шундай жавоб берди: “Чиройли отни кўрганимда бўлган туйғуни. У ўзига маҳлиё қилиб қўяди, лекин у билан шаҳвоний алоқада бўлишни хоҳламайман. Шунчаки гўзаллигидан баҳра оламан”. Уэйн Стивга ишонганини ва шунинг учун унга иқрор бўлганини эслайди. “Atari’да ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Мен гей эканимни бармоқ билан саноқли одамларгагина айтганман. Унга эса ишондим. Мен Стив ҳаммасини тўғри тушунишини ва бу дўстлигимизга халақит бермаслигини сезгандим”.
Ҳиндистон
1974 йили Жобс тезда пул ишлаб олиши керак эди, чунки бир йил олдин Ҳиндистонда бўлган Роберт Фридланд уни у ерга боришга кўндирганди. Ҳиндистонда Фридланд 60-йилларда кўпчилик хиппиларнинг гуруси – Ним Кароли Бабадан (Махараж-жи) сабоқ олганди. Жобс ҳам Ҳиндистонга бориш керак деган қарорга келди ва Дэниел Котткени бирга боришга кўндирди. Стив учун бу шунчаки саргузашт эмасди. “Мен ўзимни излаш учун боргандим. Фикрим равшан бўлишига, ўзим кимлигимни ва буёғига нима қилишим кераклигини тушунишга умид қилгандим”, – деб тан олади у. Котткенинг фикрича, Жобснинг руҳий изланишлари қисман у ҳақиқий ота-онаси кимлигини билмаслиги билан изоҳланарди. “Унинг қалбида бўшлиқ бор эди. У уни тўлдирмоқчи эди”.
Жобснинг Atari’дан бўшаётгани ва ўз гурусини излаш учун Ҳиндистонга кетаётгани ҳақидаги хабар кўнгилчан Элкорнни кулдириб юборди. “Стив олдимга кириб, менга тикилиб боқди-да шундай деди: “Мен гуруни излаб кетяпман”. Мен эса шундай дедим: “Ана холос, ажойиб! Майли, ҳол-аҳвол сўраб ёзиб тур”. У сафар ҳақини тўлашда ёрдам беришимни сўради, мен эса – “Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!”, дедим. Лекин охири Элкорн бунинг йўлини топди. Atari компанияси деталларни