Яланғоч иқтисодиёт. Чарльз Уилан

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Яланғоч иқтисодиёт - Чарльз Уилан страница 21

Жанр:
Серия:
Издательство:
Яланғоч иқтисодиёт - Чарльз Уилан

Скачать книгу

мотоцикл ҳайдашда каска кийишга мажбурлаши керакми ёки йўқ, дея баҳслашишимиз мумкин, аммо қаерда ва қандай яшаш ёки пулимизни қай тарзда сарфлашни ўзимиз ҳал қилишимиз керак, деган фикрни кўпчилик маъқуллайди. Дарҳақиқат, бир неча африкалик болани эмлатишга етадиган пул итнинг туғилган куни учун сотиб олинадиган кексга сарфланишини оқлаб бўлмайди. Аммо пулни итнинг туғилган куни учун эмас, балки эмлаш учун сарфлашга мажбурлайдиган қандай тизим халқни зуғум билан бошқариш орқалигина амалга оширилиши мумкин. XX асрдаги коммунистик тузумлар ўз фуқаролари ҳаётини қаттиқ назорат қилиш орқали иқтисодиётни тартибга солган ва бу кўпинча иқтисодиётга ҳам, фуқароларга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бу режимлар XX асрда, тинчлик даври бўлишига қарамай, қатағонлар ва очарчилик билан 100 миллионга яқин одамни ўлдирган.

      Бозорлар инсон табиатига тўлақонли мос равишда ишлайди. Шунинг учун ҳам улар бизни ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланишга ундайди. Мен ёзишни яхши кўрганим учун бу китобни ёзяпман. Китоб соҳа мутахассиси бўлмаганлар учун қизиқарли бўлади, деб ўйлаганим сабабли ёзяпман. Ва яқинда иккита ўғлим университетда ўқишни бошлаши учун ҳам ушбу китобни ёзяпман. Иш бизга бевосита фойда келтирганда, янада кўпроқ ишлаймиз ва машаққатли меҳнат ортидан кўпинча жуда муҳим ижтимоий ютуқларга эришамиз.

      Ва ниҳоят, энг асосийси – бозорларни йўналтириб туриш учун ҳукумат қудратидан фойдаланиш имкониятига эгамиз ва ундан фойдаланишимиз лозим. XX асрдаги иқтисодий кураш капитализм ва коммунизм ўртасида кечди. Капитализм ютди. Ҳатто сўлчи қайноғам ҳам коллектив қишлоқ хўжалигининг самарадорлиги ёки металлургия заводларига давлат эгалик қилишининг мақсадга мувофиқ эканига ишонмайди (гарчи у бир марта АҚШ почта хизмати андозасидаги соғлиқни сақлаш тизимини кўргим келади, деган бўлса-да). Бошқа томондан, ақл-идрокли одамлар кўпинча ҳукумат бозор иқтисодиётига қачон ва қандай аралашиши ёки капитализм сабабли ночор аҳволда қолган одамларни қай тарзда ҳимоялаш кераклиги борасида қарама-қарши фикрларда бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, XXI асрдаги иқтисодий баҳс-мунозаралар бозорларимиз қанчалик эркин ишлаши лозимлиги тўғрисида кечади.

      2 БОБ

      Рағбатлар муҳим: қандай қилиб бурнингизни кесиб ташлаш орқали омон қолишингиз мумкин (агар қора каркидон бўлсангиз)?

      Қора каркидонлар бутунлай қирилиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлардир. Бугунги кунда 4 мингга яқин қора каркидон Африканинг жанубида яшайди, 1970 йилда эса уларнинг сони 65 мингга яқин эди. Бу экологик ҳалокатнинг ёрқин намунасидир. Ушбу вазиятда иқтисодиёт асослари бу ҳайвонларнинг нима учун бундай муаммога дуч келганини тушунтириб бериши ва, эҳтимол, вазиятни қандай тузатиш мумкинлиги борасида ҳам таклиф киритиши мумкин.

      Одамлар нега қора каркидонларни ўлдиришади? Инсонлар қайси сабабга кўра гиёҳванд моддалар сотишса ёки солиқ тўламай, ғирромлик қилишса, худди шу сабабдан қора каркидонларни ҳам овлашади.

Скачать книгу