бўлсанг, шахсий тажрибангдан талаба Ансельм қандай ҳолатда бўлганлигини тасаввур этасан. Умуман, илтифотли китобхон, ҳозир ҳам талаба Ансельмни кўз олдингда мутлақо жонли гавдаланишига муваффақ бўлишини истайман. Зеро, ҳақиқатан ҳам тунги бедорлик пайтида у билан содир бўлган олий даражадаги ғалати воқеаларни ёзиб олар эканман, шу қадар кўп мўъжизавий нарсаларни ҳикоя қилиб беришимга тўғри келадики, бу кўланкадек оддий одамларнинг кундалик турмушини қандайдир булут тўсган йироқликка суриб қўяди, пировард натижада сен талаба Ансельмга ҳам, архивариус Линдгорст мавжудлигига ҳам ишонмай қўясан ва конректор Паульман билан рўйхатчи Геербанд ҳозир ҳам Дрезденда истиқомат қилишларига қарамасдан, иззатга сазовор бу кимсаларга нисбатан адолатсиз шубҳаларга боришингдан хавотирдаман. Илтифотли китобхон, ғаройиб мўъжизаларга тўла, қудратли зарбалари билан чексиз ҳузур ва чексиз даҳшат уйғотадиган сал-танатда, талабчан маъбуда ўз ёпинчиғини хиёл кўтарганида, биз чеҳрасини кўряпмиз деб тасаввур этганимизда, унинг жиддий нигоҳида кўпинча табассум нур сочиб туради ва у она болалари даврасида вақтини чоғ қилганидек, турли афсонавий эврилишлари билан бизга тегажоқлик қилади – ана шу, руҳимиз ҳеч бўлмаганда тушимизда намоён қиладиган салтанатда, илтифотли китобхон, сени ўраб турган одатдаги ёки, айтишларидек, кундалик турмушда аллақачондан бери таниш сиймолар ва қиёфаларни уқишга ҳаракат қилиб кўр ва сен бу мўъжизавий салтанат чамангда анча яқин эканлигига ишонч ҳосил қиласан ва буни сенга чин қалбдан тилайман, аслида сенга талаба Ансельм тўғрисидаги антиқа воқеаларни шу мақсадда ҳикоя қилмоқдаман. Шундай қилиб, айтилгандек, талаба Ансельм архивариус Линдгорст дуч келган оқшомдан сўнг уни ҳеч нарса қизиқтирмайдиган хаёлпарастликка тушиб, одатий турмушга ҳар қандай ташқи тегинишларга лоқайд бўлиб қолди. У вужудининг туб-тубида тушуниб бўлмайдиган нимадир уйғонганлиги ва бу ўзга, олий ҳаётни ваъда қилаётган тотли орзулар ва азобли уқубатлар келтирганлигини туярди. Унинг учун энг афзали – ўтлоқлар ва дарахтзорларда танҳо кезиб юриш ва гўё ўзини ғариб турмушга банди қилган ҳамма нарсадан халос бўлиб, ич-ичидан кўтарилаётган тимсоллар хусусида мушоҳада қилиб, ўзлигини англаш эди. Ва бир сафар олис-олисларга сайрдан қайтар экан, аллақандай жодулар таъсирида бисёр ғаройиботларни кўрган ўша ажойиб маржон мевали бута олдидан ўтишига тўғри келди; у майсазордаги қадрдон яшил жойга талпинишни ҳис этди; лекин бу ерга ўтириши билан ўшанда самовий қувонч билан тасаввур этган ва худди ўзга куч қалби-дан суриб чиқарган нарсаларни иккинчи бор кўраётгандек, улар энг ёрқин бўёқларда намоён бўлди. Ҳатто ажабтовур кўм-кўк кўзчалар маржон мевали дарахт ўртасида биланглаётган тилла-яшил тус илончага тегишлилиги ва хушқадининг буралишларида дилини бахтиёрлик ва завққа тўлдираётган ҳамон ўша мафтункор биллур товушлар жаранглаши кераклиги аввалгидан ҳам равшанроқ гавдаланди. Ва ўша меърож кунидагидек у маржонли мева дарахтини қучоқлаб, шохлари орасига қичқира бошлади: «Оҳ! сени кўриб олишим учун яна