жарангини эшитарди. Касофатли тақдирининг инжиқликлари билан кўп умидлари саробга айланган бу боёқишни қоралаб бўлмасди, у ҳар бир тийинни асраши ва шодмон ёшлик талаб этадиган кўнгил очишлардан воз кечишга мажбур бўларди. Эрта тонгданоқ у ўз қаламлари, перолари ва Хитой тушини жамлади; унинг ўзи ҳам, архивариус Линдгорст ҳам, албатта, булардан яхши ашёларни ўйлаб топа олмаган бўларди, деган хаёлда эди. У, энг аввало, архивариусга талаб этилаётганни бажаришга қобилияти борлигининг далили сифатида кўрсатиш учун ўзининг сара ҳуснихат ишларини кўздан кечириб, тартибга келтирди. Ҳаммаси муваффақиятли кечаётганди, уни алоҳида омадли юлдуз бошқараётганга ўхшарди; галстук дарҳол зарур ҳолатга келди; бирорта чок сўкилмади; қора ипак пайпоғидаги бирорта изма узилмади; тозаланган шляпа яна бир бор тупроққа тушмади, – қисқаси, роппа-роса соат ўн бир яримда талаба Ансельм чўртан-кулранг тус фракда ва қора атлас шимда, чўнтагида ҳуснихат ишлари ва расмлари ўрами билан Қулф кўчасида, Конради дўкони олдида турарди; бу ерда у бир-икки қадаҳ ошқозон ликерини сипқорди, зеро, у ўзининг бўм-бўш кармонини қоқиб қўяр экан, яқинда унда специес-талерлар жаранглай бошлайди деган ўйда эди. Архивариус Линдгорстнинг эски уйи жойлашган хилват кўчага олиб борадиган йўл олислигига қарамасдан, талаба Ансельм соат ўн икки бўлмасдан чол эшиги ёнида турарди. У тўхтаб, бронзадан ясалган кимса гавдасига маҳкамлаб қўйилган, эшик тақиллатиладиган катта ва чиройли болғачани кўздан кечирарди. Хоч черкови минорасидаги соатларнинг сўнгги бонги чалиниши билан у болғачани қўлига олмоқчи бўлганди, тўсатдан бронза башара бужмайиб, жирканч ишшайишга айланди ва метал кўзлари даҳшатли чақнаб кетди. Вой-вой! Бу Қора дарвозалар олдидаги олма сотаётган аёл эди! Чўзилган комида ўткир тишлари шақиллаб кетди, у ердан қарсиллаш ва ғичиллаш эшитила бошланди: «Аҳҳмоқ! Аҳҳмоқ! Қочачачасан! Қочачачасан! Аҳҳмоқ!» Талаба Ансельм даҳшатдан ўзини четга олди ва эшик ёндорига суянмоқчи бўлди, лекин қўли қўнғироқ боғичини тутиб, тортди ва мана, тамтароқ уйғунсизликда тобора ва тобора кучлироқ жаранглаб, бутун ҳувиллаган уй бўйлаб масхарали акс-садолар тарқалди: «Шиша, биллур ичида бўлиш вақтинг келди, шиша ичида бўласан!» Талаба Ансельмни ваҳима босди ва бутун аъзоларига қалтираётган титроқ тарқалди. Қўнғироқ боғичи пастга тушди ва у улкан тиниқ оқ илон бўлиб чиқди; илон уни чирмаб, ўз тугунларини тобора маҳкамроқ тортиб сиқа бошладики, мўрт аъзолари чирс-чирс қилиб синарди ва қони томирларидан сачраб, илоннинг тиниқ гавдасини қизил рангга бўярди. У даҳшатда «Мени ўлдир, мени ўлдир!» – деб қичқирмоқчи бўлганди, бироқ бақириши бўғиқ хириллаш бўлиб чиқди. Илон бошини кўтарди ва ўзининг оташ метал тилини Ансельмнинг кўксига қўйди; жазиллатган оғриқ бир мартадаёқ ҳаёт томирини узди ва у ҳушидан кетди. У яна ўзига келганида, ночор тўшагида ётарди, олдида эса конректор Паульман турарди ва шундай дерди: