асар ёзаётганида (ривоятлар ёки тўқима воқеаларга асосланган) драмаларнинг мазмунини (аввало) умумий тарзда тасаввур қилиши керак, сўнгра эса, унга тафсилотлар қўшиб кенгайтириши зарур. «Умумий тарзда кўриб чиқиш» нима эканлигини «Ифигения» мисолида кўрсатаман. Бир қизни қурбонликка олиб келишади, аммо у қиз қурбонликка келтирувчиларга сездирмай ғойиб бўлади. Бошқа бир ўлкага бориб, ибодатхонада коҳинлик хизматини адо эта бошлайди. Бу ўлканинг одатларига кўра фақат мусофирлар қурбонлик қилинар экан… Маълум вақт ўтгач, бу ерга шу коҳина қизнинг акаси келиб қолади (худо уни қандай сабаб билан бу ёққа юборгани, унинг нима иш билан келгани асар учун аҳамиятли эмас). Йигит бу ёққа келгач, уни тутиб, қурбонликка тайинлашади. Аммо у ўзини танитиб қўяди (Эврипидда табиий равишда йигит «синглим ҳам қурбон қилинган эди, менинг ҳам қисматим шу экан», деб ўзини танитиб қўяди) ҳамда шу билан қурбонликдан қутулиб қолади. Шундан сўнггина қаҳрамонларнинг исмини қўйиб, қўшимча тафсилотлар (ёзиш)га киришиш керак. Аммо бу қўшимчалар (тафсилотлар) ўз ўрнига тушиши лозим. Масалан, Орестнинг жинни бўлиб қолиб, тутилиши, унинг покланиш йўли билан халос бўлиши ўринли тафсилотлардир. Демак, драмаларда тафсилотлар қисқа бўлади, эпос аксинча, чўзиқ тафсилотлар билан кенгайиб кетади. «Одиссея»нинг асосий мазмуни унча кенг эмас. Бир одам кўп йиллар бегона юртларда сарсон бўлиб кезади, уни Посейдон таъқиб қилади, у ёлғиз. Уйида эса куёвлар мол-мулкини талон-торож қилишади ва ўғлини ўлдириш пайига тушишади. Қаҳрамон бўрондан қутулиб, сафардан қайтиб келади, баъзиларга ўзини танитади, душманларига ҳужум қилиб, уларни қириб ташлайди. «Одиссея» асарида асосий мазмуннинг бор-йўғи шу. Қолган воқеалар эса тафсилотлардир.
XVIII
ТУГУН ВА ЕЧИМ
Ҳар қандай трагедияда тугун ва ечим бўлиши зарур.
Драмадан ташқаридаги барча воқеалар, шунингдек, баъзан драманинг ичидаги айрим воқеалар – тугун, қолганлари эса – ечимдир. Мен трагедиянинг бошланишидан то (қаҳрамоннинг) бахтсизликдан бахтиёрликка ёки бахтиёрликдан бахтсизликка томон ўтиш ҳаракати бошланган чегарагача бўлган қисмни тугун деб атайман. Ана шу ўтиш бошланган жойдан (асарнинг) охиригача бўлган қисм – ечимдир. Чунончи, Феодектнинг «Линкей»ида барча аввалги воқеалар, чақалоқнинг сўнгра ота-оналарнинг қўлга олиниши – тугун, қотилликда айбланиш бошланган жойдан асарнинг охиригача – ечимдир.
ТРАГЕДИЯНИНГ ТУРЛАРИ
Трагедиянинг турлари тўртта (қисмлари ҳам шунча деб кўрсатилган эди): 1) мураккаб тўқимали трагедия, бунда ҳамма нарса кескин ўзгариш ва билиб қолишга асосланади; 2) изтироблар трагедияси. Аянт ва Иксион ҳақидаги асар каби; 3) характерлар трагедияси. «Фтиотидалар», «Пелей» каби; 4) ажойиботлар трагедияси. «Форкидалар», «Прометей» ва воқеалари Аидда юз берадиган барча трагедиялар ҳам шу турга киради. Энг яхшиси, мана шу хусусиятларнинг ҳаммасини бириктиришдир, агар бунинг иложи бўлмаса, айниқса, шоирларга ноҳақ ҳужум бошланган ҳозирги пайтда бу хусусиятларнинг кўпроғи ва муҳимроғини