Ахлоқи кабир. Аристотель
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ахлоқи кабир - Аристотель страница 16
XIX
Шундай қилиб, кўп нарсалар ҳақида айтилди; тил ва фикр ҳақида гапириш қолди, холос. Аммо фикрга тааллуқли нарсаларга риторикада тўхталиш керак эди, чунки булар риторика таълимотига тегишлидир. Сўз билан эришиладиган нарсаларнинг ҳаммаси фикр (соҳаси)га тегишлидир. Хусусан, бу соҳа – исботлаш ва рад этиш, эҳтиросли туйғуларни (бирга қайғуриш, қўрқув, ғазаб ва ҳоказолар каби) уйғотиш, шунингдек, улуғлаш ёки камситиш сингари вазифаларни ўз ичига олади. Табиийки, воқеаларни тасвирлаганда ҳам, аянчли ёки қўрқинчли, буюк ёки оддий нарсаларни кўрсатганда ҳам ўша тушунча (идеал)лардан келиб чиқиш керак. Лекин фарқ шундаки, (трагедияда) воқеалар равшан ва ўгит (дидактика)сиз кўрсатилиши лозим. Нутқ замиридаги фикрлар эса гапирувчи шахс орқали гавдаланади ва унинг нутқи давомида юзага келади. Ҳақиқатан, агар ҳамма иш қаҳрамоннинг нутқисиз ҳам битадиган бўлса, гапирувчи бу ерда нима қилар эди?
Нутққа тегишли бир масала борки, у (поэтикага эмас) талаффуз санъатига ва нутқ тузиш билимларига алоқадордир. Бу – нутқ майлларидир: буйруқ, илтижо, ҳикоя, дўқ-пўписа, савол, жавоб ва ҳоказолар. Бундай нарсаларни билиш ёки билмаслик поэтик санъат учун арзирли ҳеч қандай эътироз уйғотмайди. Маълумки, Протагор: «Куйлагил, маъбуда Ахилл ғазабин…» сўзларида Ҳомер илтижони ифодаламоқчи бўла туриб, буйруқни ифодалаган, ахир нима қилиш керагу, нима қилмаслик кераклиги буйруққа хос-ку, деб таъна қилган эди. Аслида бундай нарсаларни хато деб бўлмайди. Поэтикага эмас, бошқа фанга тааллуқли бўлгани учун бундай нарсалар устида тўхталиб ўтирмаймиз.
XX
Умуман, нутқ қуйидаги бўлакларга бўлинади: асосий товуш, бўғин, боғловчи, бўлак (аъзо), от, феъл, келишик, гап. Асосий товуш бўлинмас товушдир. Ҳар қанақа эмас, балки англанган товуш ҳарф бўла олади. Ҳайвонларда ҳам бўлинмас товушлар бор, аммо мен у товушларнинг биронтасини товуш демайман. Унли, ундош, унсиз товушлар бор. Лабнинг иштирокисиз эшитиладиган товуш унли бўлади, лабнинг иштирокида эшитиладиган товуш ундош бўлади. З ва R каби; (ҳатто) лабнинг иштироки билан ўзи жарангламай, бошқа товушлар билан келганида эшитиладиган товуш унсиз товуш бўлади. K ва T каби. Барча товушлар оғизнинг вазиятига, (пайдо бўлиш) ўрнига, нафаснинг қуюқлиги ва енгиллигига, узун ва қисқалигига, урғунинг ўткирлиги, оғирлиги ва ўртачалигига қараб бир-биридан фарқланади; аммо буларнинг тафсилотлари вазнда ўрганилади.
Бўғин унсиз товушлардан ва унли ёки ундош жарангли товушлардан ташкил топган маъносиз бирикмадир. Г, Р товушлари А сиз ҳам, А билан ҳам (ГРА) бўғин бўла олади. Дарвоқе, бўғинларнинг фарқларини ўрганиш ҳам вазнга тааллуқлидир.
Боғловчи (1) мустақил маънога эга бўлмаган кўп сонли товуш билан маънони билдирувчи бирон сўзнинг ясалишига халақит этмайдиган ва кўмаклашмайдиган сўздир. У гапнинг охирида ва ўртасида келиши мумкин, гап