Изхор. Xurshid Do`stmuhammad

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 17

Автор:
Жанр:
Серия:
Издательство:
Изхор - Xurshid Do`stmuhammad

Скачать книгу

«Адиблар хиёбони»га туташиб кетмоқда. Демак, муҳит очиқ осмон остида давом этади. Чаппар уриб очилган гуллар, Ҳамид Олимжон куйлаганидек, кўм-кўк, кўм-кўк майсазорлар, соя-салқин йўлка ва майдончалар ижодкорлар, адабиёт муҳиблари ва шайдолари хизматига шай.

      «Адиблар хиёбони»да хиёбон меъморлиги санъатининг имкониятлари бор бойлиги билан кўзга ташланади. Қаранг, жилд-жилд китоблар бағрига сиғмаган ўзбек адабиётининг муаззам тарихи «кафт»дек майдонда мужассам. Алишер Навоийдан тортиб то ХХ аср бошларига қадар яшаб, ижод қилган шоиру адибларимиз – Бобур, Фурқат, Муқимий, Бердақ сиймосига юзма-юз келасиз. Ўтган асрнинг аввалида – эндиликда биз учун мозийга айланган энг аянч ва мудҳиш замонларда ижод «дастгоҳи»ни азиз билган мунаввар сиймоларимиз – Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, улардан кейинги авлод вакиллари – Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ойбек, Ғафур Ғулом, Қаҳҳор, сўнгра – Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, яна бир қанотда Тўлепберган Қаипбергенов, Иброҳим Юсупов, то Муҳаммад Юсуф ва Александр Файнбергга қадар – адабиётимиз дарғалари сиймолари бир асрлик адабиётимиз солномасини ёдга солмоқдалар. Ҳар бир ёдгорлик тарихга айланган юз йилликнинг «кеча ва кундуз»лари ҳақида ҳикоя қилмоқдалар. Бадиий ижод завқи, сурури ва таассуфлар бўлсинким… машаққатларидан ҳикоя қилмоқдалар гўё!

      Янги боғнинг бағри кенг, чунончи Машраб, Мунаввар қори, Фитрат, қолаверса, Мақсуд Шайхзода сингари сиймоларимиз мунаввар сафдан ўзларининг муносиб ўринларини олишлари боғнинг сермазмун миқёсига миқёс қўшиши табиий.

      «Иқро!» каломи ила бошланган илоҳий Китобимиз. Дунёнинг аввали ва охири шу лутфдан иборат эканлиги эндиликда ҳеч бир ақли расо банда учун сир эмас. Инсонийлик аъмоли ҳам, умр мазмуни-ю гўзаллиги ҳам ушбу мўъжиза – сўзга чамбарчас боғлиқ. Ижод-чи, сўз ижоди? Қайси ижодкор салоҳиятини сўздан айро тасаввур этиш мумкин?! Сўз – қанот, сўз – ҳикмат, сўз – эътироф, эҳтиром, эъзоз!

      Сизга пешвоз чиққан ҳар бир сиймо ўша сўз орқали «етиб» келмадиларми, бу дилбар хиёбонга?! Шоирдир, адибдир, мунаққид ё мутаржим – ҳар бирлари сўз, сўз ва яна бир карра сўз воситаси-ла намоён этмадиларми, ўзларини?!

      Миллатимизнинг, халқимизнинг қисмати битилган сўз қатларида. Сўзлардан китоблар дунёга келган. Ҳазрат Навоий, Бобур, Фурқат, Муқимий, Бердақ битта-битталаб терган ҳарфлардан бунёд бўлмаганмиди ўлмас манзумалар, боқий девонлар? Қодирий, Чўлпон, Авлоний қай кунжакларда чекдилар ижод машаққатларини? Ойбек, Зулфия, Саид Аҳмад, Ибройим Юсуф, Тўлепберген оға… Муҳаммад Юсуф китобларининг ҳар бири янги-янги китобларда давом этишга муштоқ, мунтазир. Муҳтарам Шавкат Мирзиёев ижод аҳлини яна ва яна ижодга даъват этмоқда: «Адиблар хиёбони»да қад ростлаган ҳар бир ижодкорнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳужжатли, бадиий фильмлар яратиш мумкин!

      Шаксиз, «Адиблар хиёбони» барча-барча ижодкорларнинг севикли масканига айланади.

Скачать книгу