Бизким ўзбеклар. Абдуқаҳҳор Иброҳимов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Бизким ўзбеклар - Абдуқаҳҳор Иброҳимов страница 23
Ота-оналар орасида ўғлим ўсиб-улғайиб, беклик мартабасига эришсин, деган ниятда фарзандларига Ойбек, Отабек, Бобобек, Ботирбек, Арслонбек, Турсунбек, Шербек, Темурбек, Пўлатбек, Улуғбек, Жонибек каби номларни қўйиш одати азалдан удум бўлиб келган. Бек сўзи қўшиб айтилган бундай киши номларини халқ оғзаки ижодида ҳам, бадиий, тарихий ва мемуар асарларда ҳам учратиш мумкин. Бу билан айтмоқчимизки, ўзбек ибораси ҳам шахс отларидан бўлиши, қачонлардин некбин аждодларимиздан қайси бир ота-она ўз ўғлига Ўзбек деб от қўйган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бу воқеа балки милоддан илгари, балки илк ўрта асрларда юз бергандир. Энди аниқ бир тарихий шахс – Олтин Ўрда давлатида 1312–1342 йилларда ҳукмронлик қилган Ўзбекхон ҳақида қисқача тўхталамиз. Ўзбекхоннинг асли исми Султон Муҳаммад эди, хон сайлови қурултойида унга Ўзбекхон унвони берилади, яъни ўзбекларнинг хони деб эътироф ва эълон қилинади. Бу далил то Султон Муҳаммад хонлик тахтига чиққунча уни сайлаганлар ўзларини ўзбеклар деб ҳисоблаганликларини билдириб турибди. Бизнингча, ўзбек атамаси худди турк сўзининг маънодоши бўлиб, ўзига ишонувчи, мустақил фикрловчи ва иш тутувчи, ботир (Абдурауф Фитрат ҳам «Абулфайзхон» трагедиясида шу сўзни ишлатиб, «Ўзбек ўғлонлари ботир бўлурлар» дейди), мард, ёвқур, чекинмас сингари фазилатларни англатган.
Ўзбекхон замонида Олтин Ўрда давлати шу даражада равнақ топдики, қўшинларининг сони 300 минг кишидан ошиб кетади. Ана шу навкарлар Ўзбекхонга нисбат бериб, унингдек ботир, мард, ёвқур, чекинмас, ўзига ишонувчи ва бир сўзида турувчи бўлишга таҳассиб қилиб, ўзларини ўзбек деб атар эдилар. Ўзбекхон ҳукумати фақат ҳарбий салоҳияти билангина донг таратмайди, балки бунёдкорлик ишлари билан шуҳрат қозонади. Ўзбекхон замонида кўплаб масжид, мадраса ва мактаблар қурилади, бу ишларни амалга оширишда хоразмлик меъмор наққош ва усталар ҳам жалб этилади, ўша кезлари Хоразм диёрининг шимолий қисми шу давлат таркибида эди. Ўша иморатлардан айримлари тарих синовларига дош бериб, ҳозиргача сақланиб қолган. 1983 йили Қримнинг Эски Қрим (Сўлғот, яъни Сўл Қанот) шаҳрида бўлганимизда Ўзбекхон қурдирган бир мадраса билан бир жомеъ масжидини зиёрат қилган эдик. Улар ҳамон «Ўзбекхон мадрасаси», «Ўзбекхон жомеъ масжиди» деб аталар экан. Ўзбекхон бошлаб берган бундай бунёдкорлик ишлари унинг вориси Жонибек Султон (1342–1357) замонида ҳам муваффақиятли давом эттирилади.
Шу даврдан эътиборан Олтин Ўрда давлатини Миср ва бошқа араб мамлакатларининг тарихчилари «Мамлакати ўзбек», деб, юнон, рум ва форс тарихчилари эса «Ўзбекия» деб ўз асарларида ёритадилар. Мирзо Улуғбек эса «Тўрт улус тарихи» асарида Ўзбекхоннинг ҳокимият тепасига келишини «Ўзбек улуси унга берилди» деб ёзади. Унинг фикрича, Олтин Ўрда давлати Султон Муҳаммад – Ўзбекхонгача ҳам «Ўзбек улуси» деб аталган. Ўзбек атамаси Олтин Ўрда давлатида яшаган, ислом динини қабул қилган Орлот, Баҳрин, Бур-гут, Дўрмон, Қтой, Қорлуқ, Можор, Қипчоқ, Қиёт, Қўнғирот, Манғит, Найман,