Бизким ўзбеклар. Абдуқаҳҳор Иброҳимов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Бизким ўзбеклар - Абдуқаҳҳор Иброҳимов страница 28
Халқларнинг халқ сифатида шаклланган ҳудуд-масканлари ҳам миқёс, кенглик ва доира жиҳатдан турлича бўлади. Бир халқ кичик бир ҳудудда шаклланган бўлса, иккинчи бир халқ улкан ҳудудда шаклланган бўлади. Шунингдек, бирор халқнинг халқ бўлиб шаклланган ҳудуди майдон жиҳатидан унинг ҳозирги давлати ҳудудидан катта ёки кичик бўлиши ҳам мумкин. Бу кўп нарсаларга, ўша халқнинг ўтмишда бошидан кечирган сир-синоатларга, воқеа-ҳодисаларга, тузган давлатининг куч-қудрати (давлат кучсизланса ҳудудининг катта-кичик қисмларидан айрилиб қолиши тарихдан маълум) га боғлиқ. Масалан, руслар халқ бўлиб шаклланган ҳудуд XV асрнинг биринчи ярмида 200 минг квадрат километр атрофида бўлса, ҳозирги Россия Федерациясининг ҳудуди 17 миллион 75 минг 400 квадрат километрдир. Демак, Русия ҳудуди тўрт ярим аср мобайнида қўшниларининг ҳудуди ҳисобига 85 мартадан ортиқ кенгайган. Шу ўринда то шу пайтгача билдиришга имкони бўлмай келган бир ҳақиқатни айтамиз: бизким, ўзбеклар халқ бўлиб шаклланган ҳудуд ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан анчагина каттадир. Бу далилни чегараю ҳудуд даъвоси тарзида эмас, балки ўтмишга оид тарихий ҳақиқатни айтиш учун келтираяпмиз, холос. Яъни биламизки, ўтмишни қайтариб, тарих ғилдирагини орқага айлантириб бўлмайди. Зеро, ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди, ватанпарварлик туйғусини оширади.
…Қисқаси, бизким, ўзбеклар жуда улкан ҳудудларда халқ бўлиб, миллат бўлиб шаклланганмиз. Маълумки, халқнинг этник қатлами ва этник таркиби деган иборалар бор, булар маъноси жиҳатидан бир-биридан муайян даражада фарқланади. Этник қатлам дегани халқниг шаклланган ҳудуди, маконига тегишлидир. Халқнинг этник таркиби дейилганда эса унинг шаклланишида қатнашган қабила-уруғлар, элатлар ва ҳаттоки халқлар назарда тутилади. Ўзбек халқи асосан икки этник қатламдан ташкил топган. Биринчи қатлам Турон–Туркистон ҳудудларида шаклланган. Иккинчи қатлам эса Волга (Итил) дарёси бўйларидан тортиб, то Хоразмнинг шимоли, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларигача бўлган ҳудудларда шаклланган, бу макон ўтмишда турли номлар билан, чунончи Қипчоқ дашти, Олтин Ўрда, Оқ Ўрда, ўзбек вилояти, ўзбек мамлакатлари, ўзбек улуси деб аталганини юқорида эслатиб ўтдик. Халқимизнинг бу қатламини жуғрофий ўрин жиҳатидан шартли равишда шимолий қатлам деб аташ ҳам мумкин.
Биринчи қатлам Туронзаминда жуда олис замонлардан бошлаб асосан суғорма деҳқончилик, ҳунармандчилик билан, қисман чорвачилик билан шуғулланиб, ўтроқ ҳолда яшаган хоразмлик, фарғоналик, сўғдиёналик, бақтриялик, шошлик ва шу каби аждодларимиз, шунингдек, соқ, массагет, кушон деб аталган аждодларимиздир. Ва кейинчалик буларнинг сафига барлос, жалойир, кенагас ва шу каби ўнлаб туркий қабилалар келиб қўшилиб кетишган. Бу қатлам иккинчи