Стив Жобс. Уолтер Айзексон

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 11

Жанр:
Серия:
Издательство:
Стив Жобс - Уолтер Айзексон

Скачать книгу

тайёрлашни менга ўргатганди. У ажойиб сабзавот ва мевалар етиштирарди. Ҳаётимда ундан мазалисини татиб кўрмаганман. Айнан ўшанда органик маҳсулотларни яхши кўриб қолгандим”.

      Пол ва Клара астойдил динга амал қиладиган одамлар эмасди, лекин ўғлига диний тарбия беришни хоҳлашар ва шу сабабли якшанба кунлари уни лютеран черковига ўзлари билан бирга олиб келишарди. Стив ўн учга тўлганида черковга боришни тўхтатди.

      Жобслар Life журналига обуна бўлганди. Журналнинг 1968 йилги июль сони муқовасига Биафрадаги оч болалар сурати жойлаштирилганди. Стив черковга расмни олиб бориб, пастордан сўради:

      – Бармоғимни кўтармоқчи бўлсам, Худо айнан қайси бармоғимни кўтармоқчи эканимни уни кўтаришимдан олдин биладими?

      Пастор жавоб берди:

      – Албатта, Худо ҳамма нарсани билади.

      Ўшанда Жобс Life журналидаги расмни кўрсатди:

      – Худо мана шу болалар оч қолаётганини ҳам биладими?

      – Стив, бунга ишонишинг қийинлигини биламан, лекин Худо буни ҳам билади.

      Ўшанда Жобс бундай Худога ишонишни хоҳламаслигини айтди ва бошқа ҳеч қачон черковга бормади. Тўғри, кўп йиллар давомида дзен-буддизмни ўрганиб, унга амал қилиб келди. Кейинчалик ўзининг руҳий изланишлари ҳақида бош қотириб, Жобс дин ақидапарастлик ўрнига ҳақиқатни излаш билан машғул бўлгани яхши деб айтди: “Насронийлик Исога ўхшаб яшашга, дунёга Исо кўзлари билан боқишга интилиш ўрнига эътиқод тамойилларига эътиборини қаратса, у шу ондаёқ ўз моҳиятини йўқотади, – деганди менга Стив. – Менимча, барча динлар айни бир уйга олиб борадиган ҳар хил эшиклардир. Баъзан мен бу уй борлигига ишонаман, баъзида эса йўқ. Бу катта жумбоқ”.

      Жобснинг отаси у вақтда қўшни Санта-Клара шаҳридаги электрон ва тиббиёт асбоб-ускуналари учун лазерлар ишлаб чиқарадиган Spectra-Physics компаниясида ишларди. У муҳандислар ихтиро қилган буюмлар моделларини тайёрларди. Мукаммалликка интилиш унинг ўғлига илҳом бахш этарди. “Лазерлар ўта аниқликни талаб қилади, – дейди Жобс. – Энг мураккаб лазерлар бу авиация ёки тиббиёт учун керак бўладиган лазерлардир. Масалан, дадамга шундай дейишганди: “Бизга шу керак, бир лист металлнинг кенгайиш коэффициентлари бир хил бўлсин”. Ва у бунинг уддасидан қандай чиқиш ҳақида бош қотирарди”.

      Кўпчилик деталларни нолдан ўйлаб топишга тўғри келарди, бу эса Полнинг ҳам зарур воситалар ва штампларни тайёрлашига тўғри келганини англатади. Стивга бу жуда ёқарди, аммо устахонага кўп ҳам киравермасди. “Дадам фрезер ва токарь дастгоҳларида ишлашни ўргатса, яхши бўларди. Лекин, афсуски, унинг иш жойига бормасдим, чунки мени кўпроқ электроника қизиқтирарди”.

      Бир куни ёзда Пол ва Стив Висконсиндаги оилавий сут фермасида бўлди. Болакайни қишлоқ ҳаёти жалб қилмасди, лекин бир нарса унинг бир умр эсида қолди: бир куни у бузоқчанинг дунёга келишини кўрди; бузоқча бир неча дақиқа ўтиб, оёққа туриб юриб кетгани уни лол қолдирди.

Скачать книгу