Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 12
Лэнг Стивни Hewlett-Packard (Hewlett-Packard Explorers Club) илмий-тадқиқот клубига ҳам олиб борарди. Тўгаракда ўн беш киши ишларди. Улар сешанба куни кечки пайт компаниянинг кафесида тўпланишарди. “Улар бирорта лабораториядан муҳандисни машғулотга таклиф қилишарди, у эса ҳозир нима устида ишлаётганини айтиб берарди, – хотирлайди Жобс. – Дадам мени у ерга олиб бориб қўярди. Мен хурсандлигимдан еттинчи осмонда бўлардим. HP компанияси биринчи бўлиб светодиодлар ишлаб чиқара бошлади. Ва биз уни қўллаш имкониятларини муҳокама қилардик”. Бу мавзу айниқса болакайни ўйлантирарди, чунки отаси лазерлар ишлаб чиқарадиган компанияда ишларди. Бир куни кечки пайт машғулотдан кейин Стив лазерлар билан шуғулланадиган ишчининг ёнига келиб, голографик лабораторияни кўрсатишини сўради. Компания томонидан ишлаб чиқариладиган мини-компьютерлар Жобсда энг катта таассурот қолдирди. “Ўшанда мен ҳаётимда биринчи марта шахсий компьютерни кўрдим. У 9100А деб аталарди ва шунчаки айқаш-уйқаш қилиб ишланган калькулятордан иборат эди. Лекин нима бўлса ҳам бу илк шахсий компьютер эди. У улкан эди, оғирлиги йигирма килограмм чиқарди, лекин менга у камолот чўққисидек туюлганди. Мен бу компьютерни яхши кўриб қолдим”.
Тўгарак қатнашчиларига ўз илмий лойиҳалари устида ишлаш таклиф этилди ва Жобс электрон сигнал импульслари сонини секундига аниқлаб берадиган рақамли частотомер ясашга қарор қилди. Бунинг учун унга HP компаниясида ишлаб чиқариладиган деталлар керак эди. У гўшакни олиб, тўппа-тўғри компания президентига қўнғироқ қилди. “У вақтда одамлар ўз телефонлари рақамларини сир сақламасди. Мен маъумотномани очиб, Пало-Альтода яшовчи Билл Хьюлеттни топдим ва унинг уйига қўнғироқ қилдим. У гўшакни олиб, мен билан йигирма дақиқа суҳбатлашди, зарур деталларни юборди ва рақамли частотомерлар тайёрланадиган заводда ишлашга таклиф қилди”. Жобс Хоумстед мактабидаги биринчи ўқув йилидан кейин ёзда у ерга ишга кириб олди. “Дадам эрталаб мени олиб келиб қўяр, кечаси эса олиб кетарди”.
Заводда Стив асосан конвейерда “гайка ва болтларни бураш” билан шуғулланди. Ҳамкасбларида боссга қўнғироқ қилиб ишга кириб олган бу чаққон йигит ҳасад ва алам уйғотарди. “Контролерлардан бири билан гаплашганим эсимда: унга нима ёқади деб сўрадим. У “аёллар билан дон олишишни” деб жавоб берди”. Жобсга бир қават тепада ишлаган муҳандислар билан тил топишиш осонроқ эди. “Ҳар тонгги соат 10 да улар пончик билан кофе ичишарди. Мен улар билан суҳбат қуриш учун тепага кўтарилардим”.
Иш Жобсга ёқарди. Яна у газета тарқатарди. Отаси Стивни машинада олиб борарди. Хоумстедда ўқишнинг иккинчи йилида якшанба кунлари ва ёз ойларида улкан Haltek электроника дўконида омбор хизматчиси бўлиб ишлади. Электроника ишқибози учун жаннатдек туюлган бу дўкон бутун квартални эгаллаганди