Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 74
Назарида бобоси оламдан ўтгач, бу ерга келиб қолгандай, шу қариялар даврасига қўшилгандай, ҳозир эса даврадан ажралиб чиқиб қучоқ очиб кутиб оладигандай эди. Шу фикрда даврага яқинлашгач, бобосига ўхшаган бир қарияни кўрди-ю, юраги шиғ этиб кетди.
Оқсоқоллар саломига алик олишиб у билан қадрдонлардай қучоқлашиб кўришишди. Сўнг давра ўртасидан жой беришди. Зелихон булардан ҳам “тилингни билмайсанми” деган таънани эшитмайин, деб хижолат бўлиб турган эди, бобосига ўхшатган қария русчалаб гап бошлади:
– Бобонгни танирдим. У тенгсиз полвон эди. Чечен овуллар нима экан, у ёқда ингуш овуллар,у ёқда аварлар, қўмиқлар… Эҳ-ҳе, кураш бор жойда полвонлар ундан зириллаб туришарди. Унинг кураги бир марта ерга теккан. Уни ўттиз олтинчи йилда мен енгганман. Худди шу ерда. – Қария шундай деб мўйловини бураб қўйди. – Мен ёш эдим, у эса кексая бошлаган эди. Йиқитишга йиқитиб қўйиб, “устоз, кечиринг” дебман. У ўрнидан туриб, мени қучоқлаб, пешонамдан ўпди. Кейин бир тарсаки туширди. Одамлар ҳайрон бўлиб сўрашди: “Қучоқлаб ўпганинг нимаю урганинг нима?” У айтди: “Мени енггани учун қучоқлаб ўпдим. Кечирим сўрагани учун тарсаки туширдим” Ҳа… шунақа одам эди… Аммо отангдан полвон чиқмади. У урушга мендан олдинроқ кетган эди. Мен қайтдим, ундан дарак бўлмади…
Қариялар шошилмасдан, бирининг гапига иккинчиси аралашмасдан қизиққан саволларини сўрай бошладилар. “Шу пайтгача нима учун келмадинг?” деган саволга Зелихон “Уй-жой, бола-чақа билан ўралашдим”, деб баҳона қилди. Бу гапни эшитиб оқсоқоллар жим бўлишди. Айримлари “аттанг” дегандай бошларини сарак-сарак қилиб қўйишди. Бобосига ўхшаган қария эса бургутники каби ўткир нигоҳини унга қадади-да:
– Бобонг тирик бўлганида шу гапинг учун бир тарсаки туширарди, – деди.
Зелихон “Нима учун?” деб сўрамади. Ёлғони фош бўлганини сезди.
– Бошқа сабаблари ҳам бор, – деди бошини эгиб.
– Ўша бошқа сабабларини гапиришинг жоиз эди. Бизни бу авлоқда пўпа-нак босиб ётган чоллар, деб ўйладингми? Қамоқдан қачон чиқдинг?
– Бир йил бўлиб қолди.
– Нима қилмоқчисан?
– Овулга сиғсам, шу ерда қоламан.
– Овулга сендайлардан миллион бўлса, миллиони сиғади. Қани, тур ўрнингдан, орқамдан юр.
Улар бир юк машинаси сиғадиган тупроқ йўлдан юқорига қараб юришди. Қария Зелихондан чаққонроқ эди. Уч-тўрт қадамдаёқ илгарилаб кетди. Айланма йўллардан бир оз юришгач, пастқамроқ бир уй қаршисида тўхташди.
Ҳовлида жўхори чопиқ қилаётган одам уларни кўриб, ишини тўхтатди-да, пешвоз чиқди:
– Келинг, Алибек оға, – деди у қарияга, сўнг Зелихонга синовчан тикилди: –Зелихонмисан?
– Ҳа, Зелихон, янглишмадинг. Мен сенга айтардим-а, бир кунмас-бир кун келади, деб… – Қария Зелихонга қаради. – Мана шу сенинг уйинг. Арслон урушдан қайтганда уйи куйиб кетган эди. Маслаҳатлашиб, шу ерга кўчирдик. Сен хоҳлаган кунинг уйни бўшатиб