Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 26
Х.Дўстмуҳаммаднинг «Нусхакашнинг меросхўри» ҳикоясида ҳаёти фожиали бурилиш палласини кечираётган шахснинг мураккаб, таҳликали ҳолати анча маҳорат билан акс эттирилган. Бадиий ижод нусха кўчириш ҳам, яшаш воситаси ҳам эмас, балки юракдаги дардни ифодалаш эканлиги мураккаб тақдирли қаҳрамонлар мисолида кўрсатилган. Лекин бир нарсани таассуф билан таъкидлаш жоизки, ҳикоя завқ билан ўқилмайди, унда инсоний жозиба, киши руҳиятига кириб борадиган ёруғлик сезилмайди.
ПИШИБ ЕТИЛГАН «МЕВАЛАР»
«Беозор қушнинг қарғиши» муҳаббат ҳақидаги яна бир асардир. Ундаги қаҳрамонлар сиз билан бизнинг замондошларимиз, рўзғор, бола-чақа ташвишлари билан куймаланиб юрган одамларнинг бир-бирига муносабати қаламга олиниши баробарида инсон ва табиат орасидаги азалий риштага ҳам ишора қилинади. Забонсиз жонзотлар ҳам аслида, одамнинг меҳрига зор. Қалдирғочнинг файзли хонадонга ин қуриши тўғрисидаги қадимий ҳикмат ҳикоянинг сюжетини ташкил қилган муавзусини очиб беришда гўёки бир воситачилик ролини ўйнаган. Ҳикоя қаҳрамони Қадриянинг ўз болалиги ҳақидаги хотираси асарнинг композициясига шу даражада усталик билан сингдириладики, китобхон бу орқали юқорида таъкидлаганимиз – агар жонзотларга озор берилса, у инсондан ўчини олмай қўймайди, деган фикр бутун бўй-басти билан хулосаланади.
Адибнинг «Дилдаги хориж» туркумидаги ҳикоялари ичида, айниқса, «Ёлғизим – Сиз» ҳар қандай китобхонни ўзига тортиб кетади, мутаассир қилади. Рус адабиётининг ўлмас сиймоларидан бири Фёдор Достоевский образини яратишда ёзувчи қандай манбаларга таянишидан қатъи назар, катта муваффақиятга эришган.
ҲАЁТ-МАМОТ МУШОҲАДАЛАРИ
Хуршид Дўстмуҳаммад италиялик машҳур адиб Дино Буццатининг «Етти қават» ҳикоясидан таъсирланиб, уни эркин таржима қилиб, унга назира ўлароқ аломат бир ҳикоя ёзди. Таржима ва назирани яхлит асар шаклига келтириб «Жимжитхонага йўл» номи остида чоп эттирди. Хуршиднинг олдинроқ яратган «Оқимга қарши оққан гул»и каби бу ҳикоядаги ижодий тажрибаси махсус ўрганишга арзийди. Мазкур ҳикоянинг мавзуимизга дахлдор жиҳати шундаки, ҳаёт-мамот миллат танламайди. Бедаво хасталик туфайли шифохонага тушиб қолган италян Дино Корте билан ўзбек Зоҳид Яқинни олдинда бир хил қисмат – ўлим кутмоқда. Эътибор, малакали муолажа, дори-дармон, яхши муомала, кўнгилга таскин,