Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 54
Бу сатрлар қачон қоғозга кўчган, билмайман, лекин олтмишинчи йилларда туғилгани аниқ. Ўшандаги Рауф Парфи, Асқар Қосимлар иштирокидаги суҳбатларда Чўлпон шеърияти тилга олинарди. Мен ва мен каби кўп ёшлар шеърият даҳосининг исминигина билардик. Ижодидан бебаҳра эдик. Рауф акалар ман этилган китобларни қаердан топиб ўқишгани ҳам менга номаълум. Уларни ҳавас билан тинглардим. Улар даҳоларнинг асарларини шунчаки ўқишмаган, уларнинг руҳларини ҳис қилишган, оқибатда даҳолар дарди улар қалбига кўчганким, бу ҳам Аллоҳнинг буюк неъматидир.
Рауф аканинг Исмоилбей Ғаспиралини ўқиганлари ва ундан руҳланган бўлишлари аниқ. Мен Рауф ака билан бу улуғ зот ҳақида суҳбатлашмаганман, лекин асарларида шу покиза руҳни сезгандайман:
“Биз – туркийлар ўз қонунлари ва турмуш одатлари ила бир кўб салтанатлар майдонга келтирган қавм ўлароқ яшаб келдик ва бундан сўнг ҳам шундай яшаяжакмиз. Биз ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшаяжакмиз. Агар муайян тарихий шароитлар туфайли бошқа халқлардан орқада қолган эканмиз, бу ҳали бизни миллий-маданий инкишоф ҳуқуқидан маҳрум этмайди, аксинча у томон янада катта ғайрат билан интилишга мажбур этади… Буни биздан халқимизнинг тарихи, тақдири талаб этади. Улуғ вазифалардан ва улуғ интилишлардан қўрқманг! Улар улуғ воқеаларни тайёрлайди ва улуғ шахс-ларни етказади!”.
Рауф аканинг шахсий ҳаётлари мураккаб эди. Оиладан қийналганлари, уйсизликдан ташвишланганлари, дўстлар, “шогирд”лар хиёнатидан азоб чекканлари ҳам рост. Ҳаётдан нолимай ўтганлари ҳам айни ҳақиқат.
Сўнгги учрашувларимиздан бирини унута олмайман. Кўчада тасодифан учрашиб қолдик. Қўлларида уч-тўртта қалин дафтар.
– Тирикчилик шунақа бўлиб қолди, – дедилар кулимсираб. – Оқ қоғоз сотиб олиб, муқовалаб сотяпман.
Битта дафтарни олиб, варақлаб кўрдим: пишиқ ишланган.
– Шеър ёзадиган дафтар экан, мен ҳаммасини сотиб оламан-да, ўзингизга қайтараман. Қобилиятли шогирдларингизга мендан совға қилиб берасиз, – дедим.
Таклифимга кўнмадилар. Дафтарнинг фақат биттасини сотдилар. Ўша кунлари Конфуцийни ўқиб юрган эдим, айрим ҳикматларни таржима қилиб, Рауф акадан ёдгор бўлиб қолган ўша дафтарга ёза бошладим.
“Ҳаёт – жуда оддий, гўё бир бош узумни еб битирмак каби гап, умр-нинг шоҳтомирини шарт кесмак каби мураккаб, биласанки, сўнгги соат бор, биласанки, сенда абадият қадар яшамакка қаноат бор, тирик-лик меваси – Мен ва Сен, айтмоқчиманки, онамнинг қошида бўлай доим, айтмоқчиманки, гуллар ўссин, айтмоқчиманки, Туркистоним бир бутун бўлсин, дўстларимдан мактублар